Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ўзбекистонлик иқтисодчи: “Иқтисодиётнинг ўзбек модели” мавжуд эмас — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ўзбекистонлик иқтисодчи: “Иқтисодиётнинг ўзбек модели” мавжуд эмас

Юлий Юсупов

Ислом Каримов бошчилигида Ўзбекистон расмийлари йигирма йилдан бери кўкларга кўтариб келган бозор иқтисодиёти ривожланишининг “ўзбек модели” – бу афсона. Иқтисодий сиёсатдаги бу каби ёндашувларни таниқли иқтисодчи Эрнандо де Сото меркантилизм деб атаган бўлиб, бундай чораларни турли мамлакатлар қўллаган. Мамлакат меркантилизмдан қанчалик тез воз кечса, шунчалик муваффақият билан ривожланган, - деб ёзади “Коммерсант.Uz” сайтидаги мақоласида ўзбекистонлик иқтисодий эксперт Юлий Юсупов.

Қайд этиб ўтиш керакки, бу мақола хорижий матбуотда эмас, балки “Коммерсант.Uz” ўзбек сайтида чоп этилмоқда. Бу дегани, Шавкат Мирзиёев келиши билан Ўзбекистон ОАВ ўзини эркинроқ ҳис қилиб, Каримов давридаги сиёсатга танқидий мавзудаги мақолаларни чоп этишга жазм қилмоқда, буни илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

* * *

Биз ўзгаришлар замонида яшамоқдамиз. Мана, ислоҳотлар ҳам бошланиб кетди, жумладан, валюта бозоридаги узоқ кутилган ислоҳот бошланди. Бу иқтисодий тараққиёт моделининг ўзгариши муқаррарлигини билдиради. Эски модел нима бўлади?

“Ўзбек модели”ми ёки меркантилизмми?

1996 йилнинг ёз-кузларида Ўзбекистонда конвертацияни чеклаш ва валюта ресурсларини асосан инвестицион лойиҳаларга қайта тақсимлаш механизмини яратишга қарор қилинганига 21 йил бўлди. Шу билан иқтисодий ривожланишнинг “ўзбек модели” шакллана бошлади.

Бу моделнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат эди:

Биринчидан, Давлатнинг иқтисодий жараёнларга фаол аралашуви, жумладан, маъмурий усуллар — (кредит, хомашё, меҳнат) ресурсларни марказлашган ҳолда тақсимлаш, нархлар, фоиз ставкалар ва валюта курсини ўрнатиш воситасида, шунингдек, хусусий корхоналарнинг мулк ва маблағларини тақсимлаш, пул-кредит муносабатларида “маъмурий ресурслар”дан фаол фойдаланиш;

Иккинчидан, “иқтисодиётнинг стратегик соҳалари”га кенг миқёсли инвестициялар жалб қилишни назарда тутувчи гиперфаол инвестицион сиёсат, жумладан, қуйидагилар воситасида:

— валюта савдосини тартибга солиш (конвертацияни чеклаш, расмий курс бўйича валюта конвертациясида инвестицион лойиҳаларга имтиёз берилиши);

— кредит сиёсати (фоиз ставкаларини тушириш, имтиёзли кредитлар бериш, давлат тузилмаларининг топшириғига кўра қайтарилмас кредитлар ажратилиши);

— бюджет сиёсати (давлат инвестициялари, бирваракайига юқори солиқ юкламаси ва солиқ имтиёзларининг кенг жорий этилиши).

Учинчидан, импортнинг ўрнини босиш моделидан фойдаланиш: халқаро меҳнат тақсимоти ва товар ва хизматларнинг чекланган доирасига ихтисослашиш ўрнига, кенг доирадаги товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва импортга қарамлик камайтирилади. Импорт ўрнини босишнинг асосий қуроли — протекционизм, яъни тайёр маҳсулотни импорт қилишни тариф ва нотариф шаклидаги тўсиқлар билан чеклаш

Юлий Юсупов
Юқорида келтирилган воситаларнинг барчасидан “иқтисодиётнинг стратегик соҳалари”, аввало саноат соҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни тезлаштиришда фойдаланилган.

Кичкина бир сирни очамиз: аслида ҳеч қандай “ўзбек модели” мавжуд эмас. Бундай ёндашувлар турли даврларда турли давлатлар томонидан қўллаб кўрилган. Айниқса, бу модел 1950-70 йилларда СССР билан “дўстлик”ка асосланган ривожланаётган социалистик давлатлар ўртасида машҳур бўлган. Машҳур иқтисодчи Эрнандо де Сото бу моделни меркантилизм деб атайди ва ундан ҳозирда иқтисодиёти ривожланган давлатлар ҳам ўтмишда фойдаланганини таъкидлайди.т Лекин мамлакат меркантилизмдан қанчалик тез воз кечган бўлса, кейинчалик у шунчалик тезроқ ривожланган.

1980-90-йилларда “социалистик лагернинг” қулаши, СССР томонидан бундай тажрибаларни молиялаштириш тўхтатилиши туфайли меркантилистик сиёсатга қизиқиш йўқолди. Ривожланаётган мамлакатларнинг аксарияти халқаро меҳнат тақсимоти, бозор муносабатлари ва рақобатни ривожлантириш, экспортга йўналганликни танлай бошлайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам зўр натижаларга эриша олмади — меркантилизм анъаналари жуда мустаҳкам чиқди. Лекин ислоҳотларни қатъий ва изчил ўтказганлар ўз иқтисодиётининг муваффақиятли равнақи учун шароит ярата олди. Бунга яққол мисол қилиб, собиқ иттифоқ ҳудудида Эстония ва Грузияни, постсоциалистик ҳудудда эса Хитой, Вьетнам ва Шарқий Европанинг кўплаб давлатларини келтириш мумкин.

Импорт ўрнини босишга йўналганлигини ва иқтисодиётга давлат аралашувини очиқ эълон қилган давлатлар деярли қолмаган эди. Лекин Ўзбекистон 1996 йилда де-факто ана шундай мамлакат бўлиб қолди.

Қиёсий таҳлил

“Ўзбек модели”нинг 21 йил давомида татбиқ этилишининг натижаси нима бўлди? (Қайд этиш жоиз, 2003-2008 йилларда иқтисодиётимизда жорий операциялар бўйича чекланган бўлса-да, конвертация жорий этилиб, бизнесни юритиш учун кўп тўсиқлар олиб ташланиб, ўзига хос “илиқлик” даври кузатилган эди).

Ҳаммаси таққослашда билинади. Хўш, меркантил сиёсат (де Сотонинг терминидан фойдаланаверамиз) бошқа социалистик давлатлар билан солиштирганда Ўзбекистонга бирор устунлик бердими?

Агар иқтисодий ўсиш суръатларининг (ялпи ички маҳсулот ошиши) расмий кўрсаткичларига қарасак, унда иқтисодиётимиз етакчилар сафида бўлади: 1995 йилдан кейин тўпланган иқтисодий ўсиш қиймати бўйича Ўзбекистон собиқ социалистик давлатлар орасида Хитойдан, углеводородларга бой Озарбайжон ва Туркманистондан кейинги ўринда туради.


1995 йилга нисбатан ЯИМ ошиши (1995 йил кўрсаткичлари = 100). Манба
.

Кўринишидан ҳаммаси бинойидек. Аммо расмий кўрсаткичларимиз реалистик бўлмагани сабабли уларга ишониб бўлмайди.

Унда “ўзбек модели” ўзини қанчалик оқлаганини қандай текшириш мумкин? Бунинг учун ишончлилиги шубҳа остида бўлган кўрсаткичлардан қочиб, очиқ миллий ва халқаро статистикага таянамиз.

У ёки бу иқтисодий моделнинг муваффақиятлилиги ёки барбод бўлишининг асосий мезони — у мамлакат аҳолиси турмуш даражасини нечоғлик яхшилашга хизмат қилганидир. Турмуш даражасининг кенг фойдаланиладиган кўрсаткичларидан бири — аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромаддир (ЯМД). Жаҳон банки мамлакатларни даромади бўйича таснифлашда айнан шу кўрсаткичдан фойдаланади.

Қуйида собиқ СССР ва Осиёнинг социалистик давлатларида аҳоли жон бошига тўғри келувчи ЯМД миқдори ҳақида маълумотлар келтирилган.


2015 йил учун аҳоли жон бошига ЯМД (ялпи миллий даромад), АҚШ долларида.Манба

Қайд этиб ўтамиз, ЯМД Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курсига қараб ҳисобланган. Агар у (ҳақиқийроқ бўлган) бозор курси бўйича ҳисобланса, ЯМДни деярли иккига бўлиш керак.

Қуйида келтирилган расм ҳам шундай манзарани акс эттиради, расм муаллифлари (расмий ва бозор курси орасида фарқ бўлган мамлакатларда) айнан бозор курси бўйича ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиққан.



Афтидан, тезкор саноатлаштириш сиёсати бизнинг давлатимизга бойиб кетиш имконини бермаганга ўхшайди. Аксинча, бизнинг ўртача даромадларимиз кўриб чиқилаётган давлатлар ичида энг пастларидан бири бўлиб турибди. Бироқ, “ўзбек модели” бўлмаганида балким даромадлар янада пастроқ бўлармиди?

Афсуски, қуйида берилган жадвал 2000 йилдан буён (ундан олдинги давр учун ахборот йўқ) аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши кўриб чиқилган давлатлар ичра энг пасти бўлганини намойиш этиб турибди.


2000 йилдан бошлаб аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши, АҚШ долларида

Муваффақиятсизлик сабаблари

1990-йилларда мамлакатимиз бирйўла иккита масалани ҳал қилиши керак эди:

— бозор институтлари ва механизмларини шакллантириб, хусусий тадбиркорлик ва бозор рақобатини ривожлантириб бозор иқтисодиётига ўтиш (чунки бунгача Ўзбекистонда маъмурий-буйруқбозлик (режали) иқтисодиёт ҳукмрон эди);

— истиқболда ривожланиш ва аҳоли турмуш фаровонлиги бўйича ривожланган давлатларни етиб олишга имкон берувчи барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш.

Бироқ иқтисодиётга маъмурий аралашув орқали тезкор саноатлаштириш сиёсати туфайли бу вазифаларнинг бирортаси ҳам ҳал этилмади.

Бозор ислоҳотлари амалда музлатиб қўйилди

— Иқтисодий жараёнларга давлатнинг маъмурий аралашуви бозор механизмлари ишига халақит бериб, бозор рақобатини йўққа чиқаради, тижорат банкларининг самарали секторини шакллантиришга имкон бермайди.

— Юқори солиқ юкламасининг бир вақтнинг ўзида турли солиқ имтиёзлари билан биргаликда жорий этилиши рақобатбардош хусусий бизнес ривожланишини қийинлаштирди.

— Импорт ўрнини босиш ва протекционизм ҳам бизнеснинг рақобатбардошлиги пасайиши ва рақобатнинг йўқолишига ҳисса қўшди.

— Бозор механизмларининг нормал ишлашига тўсқинлик қилувчи аксилбозор институтлари шаклланди (эркин конвертацияга чекловлар, муайян қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат мажбуран харид қилиши, корхоналар ишига маъмурий аралашув ва бошқалар)

Пировард натижада — жуда ёмон инвестицион муҳит юртимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар кириб келишини чеклаб қўйди. Аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри жамғарилган хорижий инвестициялар кўрсаткичи бўйича қаралаётган давлатлар ичида Ўзбекистон энг сўнгги ўринда. Ҳолбуки, муваффақиятли саноатлаштиришга хорижий капиталларни кенг жалб қилмасдан туриб эришиб бўлмайди.


Аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри жамғарилган хорижий инвестициялар

Барқарор иқтисодий ўсиш учун шароит яратилмаган

Саноат сиёсати фаоллашган даврларда (1996–2001, 2008–2016 йиллар) инвестицион харажатлар анча юқори бўлганига қарамасдан (қуйидаги расмни кўринг), инвестициялардан олинадиган (реал иқтисодий ўсишда ифодаланадиган) даромад жуда паст бўлган. Нега?


Инвестицияларнинг Ўзбекистон ЯИМдаги ўртача улуши, фоизда

Биринчидан, меркантилистик модел доирасида инвестицион ечимларни амалдорлар, боз устига, бозор механизмлари (нарх белгиланиши ва рақобат) деформацияга учраган шароитда қабул қилишади.

Бироқ амалдорлар хусусий тадбиркорлардан фарқли ўлароқ, ўзининг эмас, ўзганинг пулларини тасарруф этади ҳамда инвестицион лойиҳалар муваффақият ёки касодга учраганида моддий жавобгарликни зиммасига олмайди.

Шу сабабли давлат инвестицион лойиҳалари одатда хусусий сектор лойиҳаларига қараганда самарасиз ҳисобланади. Боз устига, давлат лойиҳаларида коррупция ва хуфёна схемалар гуллаб-яшнайди.

Иккинчидан, кўп сонли имтиёзлар ва чекловлар сабабли инвесторларнинг рағбатлантирилиши ўзгаради. Улар инвестицияларидан узоқ муддат даромад қилишни ўйлаш ўрнига, берилаётган имтиёзлар ва рақобатнинг чекланиши ҳисобига қисқа муддатда фойдани қўлга киритишни ўйлашади. Масалан, сармоядор ишлаб чиқаришга ётқизган сармоясидан эмас, балки имтиёзли конвертациянинг ўзидан даромад қилиши мумкин. Натижада, харид қилинаётган ускунанинг сифати ва ундан фойдаланиш имкониятлари “инвестор”ни қизиқтирмайди. У сохта фирмалар орқали “абжағи чиққан”, ҳеч кимга керак бўлмаган ускунани сариқ чақага сотиб олиб, уни оширилган нархда ўзи ўзидан харид қилиши мумкин. Бу битим учун имтиёзли конвертация олади. Қарабсизки, бундай “инвестиция”ларнинг фойдаси паст (баъзи ҳолларда нолга тенг) бўлади.

Учинчидан, молия институтлари ва рақобатнинг ривожланмагани боис инвестицион лойиҳаларнинг самарадорлиги устидан бозор назорати ўрнатилмайди. Бозор иқтисодиётида рақобат самарасиз бизнес-лойиҳаларни ғалвирдан ўтказиб, ишбилармонларни доимо ўз фаолиятини такомиллаштириб боришга мажбур қилади. Самарадорлик устидан молиявий институтлар ҳам қўшимча назорат ўрнатади: банклар ва хусусий инвесторлар ҳам фақат ўз қобилиятини намоён эта олган ва лойиҳаларининг афзаллигини исботлаган тадбиркорларгагина молиявий ресурс ажратади.

Инвестицион сиёсатимизнинг инқирозга учрагани сабабларининг батафсил таҳлил Нишонбой Сирожиддиновнинг “Валюта либерализацияси учун комплекс ислоҳотлар керак” номли интервьюсида келтирилган.

Бозор муносабатлари, хусусий тадбиркорлик ва рақобатнинг ривожланмаганлиги, шунингдек, хўжалик юритишнинг бозор тутумида сиёсий-ҳуқуқий тизим шаклланмагани туфайли иқтисодиётимиз инновацияларни қабул қилиши жуда қийин, бу эса рақобатбардош ишлаб чиқаришнинг барқарор ривожланишига йўл қўймайди.

Энди нима бўлади?

Айтилганлардан қандай хулоса чиқади? Биз бозор иқтисодиётини танлаб, иқтисодий ривожланишнинг меркантилистик моделидан воз кечишимиз керак.

Бозор иқтисодиётининг ҳам кўплаб моделлари борлигини ҳисобга олиб, ислоҳотлар ўтказишда биз ўз самарадорлиги ва яшовчанлигини исботлаган моделлардан андоза олишимиз керак. Замонавий рақобатбардош иқтисодиётлар учта асосий хусусиятга эга:

1. Бу ерда инновациялар фаол ишлаб чиқилиб, жорий этилади, бунда иқтисодий жараёнларнинг миллионлаб иштирокчилари — ишбилармонлар, оддий ишчилар (инженерлар, менежерлар, маркетологлар, молиячилар), амалдорлар, олимлар ва ихтирочилар ҳам инновацияларни “юқтириб” олиши талаб этилади. Бунинг учун рақобат ва шахсий манфаат механизмлари яхши ишлаши керак. Шунингдек, иқтисодий сиёсат барқарор ва ўзгармас бўлиши, мулк ва бизнес ҳуқуқи ҳимояланган бўлиши жуда муҳим.

2. Бу ерда асосан юқори қўшилган қийматли товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади (фойдали қазилмаларни сотиш ҳисобига фаровон турмуш кечирувчи давлатлардан мустасно). Бунинг учун миллий бизнесга хомашёни чуқурлаштирилган қайта ишлаш бўйича узун савдо-ишлаб чиқариш занжирлари яратиш учун шароит, ишлаб чиқариш миқёсида иқтисод қилишдан фойда олиш имконини берувчи йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларини шакллантириш керак. Бу эса ўз навбатида, бизнес муҳити ва солиқ тизими сифатига, эркин бозорлардан молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятига боғлиқ.

3. Барча замонавий самарали иқтисодиётлар халқаро меҳнат тақсимотида фаол иштирок этади. Чунки бир мамлакат доирасида кўп турдаги рақобатбардош товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш имконсиз. Рақобатбардошлик учун ихтисослашув керак, бу эса миллий иқтисодиётларга ўзлари нисбатан устун бўлган фаолият тури билан шуғулланиш имконини беради, натижада улар кам харажат билан юқори сифатга эришишлари мумкин. Халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш миллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотни сотиш учун кенг имкониятлар очади. Буларнинг барчаси — нафақат ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш, балки аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг ҳам кучли манбаи демакдир.

Замонавий, рақобатбардош иқтисодиёт яратиш учун иқтисодий ривожлантиришнинг мавжуд моделини янада салоҳиятлироғига алмаштириш имкониятини берувчи комплекс бозор ислоҳотлари керак.

Хусусан, яқин ва ўрта истиқболда қуйидагилар ўта зарур:

— хусусий тадбиркорлик, бозор муносабатлари ва рақобатнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган давлат тузилмаларининг функциялари ва ваколатларини тубдан қисқартириш, давлат бошқаруви тизимининг марказлаштирилишидан воз кечиб, ҳудудлар ва туманлар даражасига функциялар ва ваколатларнинг кенг кўламини бериш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган маъмурий ислоҳот;

— Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатининг бозор бошқарувига ўтиши, жумладан, нақд пул муомаласига маъмурий чекловларнинг бекор қилиниши;

— банк ислоҳоти, Марказий банкнинг фоиз ставкаларини маъмурий тартибга солишидан воз кечиши, молиявий соҳада рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

— солиққа тортиш тизимининг ислоҳоти, жумладан, солиққа тортишнинг қабул қилинган тизимини тубдан ислоҳ қилиш (солиқлар сонини кескин қисқартириш, солиқ юкламасини камайтириш, тушум солиғини бекор қилиш), меҳнат солиғини қисқартириш, индивидуал солиқ имтиёзларидан шартсиз воз кечиш, солиқ маъмурчилиги ва солиқ ҳисоботлари тизимини соддалаштириш.

— ташқи савдо сиёсатини ислоҳ қилиш, жумладан, жорий операциялар ҳисоби бўйича миллий валютанинг эркин конвертациясини жорий этиш, аввало импорт акцизларидан воз кечиш орқали божхона тўловларини қисқартириш, импорт ва экспорт олдидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш;

— аграр ислоҳот (мажбурий давлат буюртмасидан воз кечиш, фермерларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоялаш);

— иқтисодиётнинг давлат секторини ислоҳ қилиш (бошқарувни қайта ташкиллаштириш ва кенг миқёсдаги хусусийлаштириш);

— суд ислоҳоти;

— бошқа ислоҳотлар.

Иқтисодиётнинг меркантилистик моделидан қанчалик тез ва оқилона қутула олишимиз, бозор механизмлари ҳамда хусусий тадбиркорлик учун шароит яратишимизга бизнинг келажагимиз, фарзандларимиз ва авлодларимизнинг келажаги ҳам боғлиқдир.

Бизга омад ёр бўлсин!

Юлий Юсупов. Мақоланинг оригинали “Коммерсант.Uz” сайтида чоп этилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2017 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский