Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Каллакланган Умид дарахти — ИА «Фергана» — мобильная версия

Каллакланган Умид дарахти

Фарғона

Яқинда сиёсий маҳбус Дилмурод Сайид қамоқхонадан чиқди. У озодликдан маҳрум бўлиб, жазо ўтаган жойларда шеърлар ижод қилган экан. Бугун эътиборингизга муаллифнинг ижозати билан унинг шеърларини ҳавола этамиз.


БАҲОР СОҒИНЧИ

Совуқ кунлар эзиб ташлади
Фалак юзи қат- қат, тўп булут
Изғиринлар кўзни ёшлади,
Ёноғимда қировли сукут!
Юрагимда совуқдан озор,
Кел, бағримга қайтақол, Баҳор!

Каллакланган Умид дарахти,
Навдалари ўралган музга.
Куртакларнинг синиққан шахти,
Жабр бўлди Уйғоқ Илдизга!
Соғинч маним Руҳимга мадор,
Кўришайлик, келақол, Баҳор!

Чақмоқ чақсин, ёмғир шаррослаб
Сўнг Камалак - юз очсин Қуёш!
Совуқ кетсин биздан аразлаб,
Роҳатлансин толиққан Бардош,
Юрагимни тўлдирсин Ифор,
Кел, Умримга қайтақол, БАҲОР!!!
20.02. 2016, Қарши ш.

ШУКРОНА

Умримнинг эллик беш йили шамолдай -
Ўтди гоҳ тўзонли, гоҳида майин.
Кутиб қолди қилар ишим бир талай,
Шу кунга ҳам етдим, шукр, ўлмайин!
Кимлардир қабримни кавлаб қўйганди,
Қарийб тўққиз йилда унутди кимлар.
Суд ҳукми ўқилгач қўй ҳам сўйганди -
Тантана қилганди қаттол ғанимлар.

Аммо...
Яратганнинг Раҳмонлиги рост;
Мунофиқлар кутган кун келгани йўқ!
Холис дўст-Қаламим дона-дона ёз:
“ДИЛМУРОД САЙЙИД ТИРИК! ЎЛГАНИ ЙЎҚ!”
04.ХI.2017, Қарши ш.

АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЎҒЛИ ЧЎЛПОН НИДОСИ

“...Осмонда йиғлар турналар!” Халқ қўшиғидан.
Камон қошлардан сирилди ўсмалар,
Қон янглиғ силқиб кўздаги сурмалар,
Қумри - кесик тил, Сорлар - чарх урмалар,
Чаманлар - файзи йўқ, гўшалар - сокин!

Элни тўйдиришдан турма тўлдириш
Одамни таҳқирлаш каби осон иш -
Қамамоқ туҳматлаб- тирик ўлдириш
Бир чеким нос чекиб тупурмоқдек жўн!
Маддоҳлар, Сотқинлар суварак сифат,
Номуснинг нархи - бир жез медал фақат,
Ҳатто шу ҳам талош, шунга ҳам навбат,
Ҳамият эгнида эски йиртиқ тўн!

Зилол суви ила Зам-зам чашмасин
Жаллодлар юварлар қонли панжасин,
Қанча интилмасин, қанча ишласин -
Фақирнинг косаси оқармас бу кун!

Дабдабали шиор таъкидлар бисёр,
Амалда тазйиғу таҳдидлар бисёр,
Ҳақталаб Мазлумлар, Шаҳидлар бисёр,
Шоирлари - СЎҚИР, Дарғалар - жунун!..
02.Х.2014 й. Қарши ш..

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский