Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Икки ўт орасида. UGF Ўзбекистондаги мажбурий пахта терими тўғрисида доклад тайёрлади — ИА «Фергана» — мобильная версия

Икки ўт орасида. UGF Ўзбекистондаги мажбурий пахта терими тўғрисида доклад тайёрлади

Фарғона

Ўзбекистонда пахта терими. Antislavery.org сайти фотоси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми (UGF) Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга доир докладини чоп этди. У, аввало, пахта етиштириш билан боғлиқ ишлар ҳақида бўлиб, келтирилган мисол ва далиллар кўнгилни ранжитади. «Фарғона» ўз мухлисларига мазкур докладни қисқартирган ҳолда тақдим этади.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳри касалхонасида ишлаётган Гулхон Авезова 2017 йил сентябрда Қумқўрғонга пахта теримига боради. Авезова ўз иши ва оиласини ташлаб кетишни хоҳламайди, лекин унинг бошлиғи лўнда қилиб “Сизнинг ўрнингизга кўз тикиб турганлар сони мингта”, деб айтади.

Шундай қилиб, Авезовани мажбуран пахта теримига жўнатишади. Унинг 22 ёшли ўғли Сардорбек Салаев эса бироз пул ишлаб олиш учун кўнгилли равишда пахта теримида қатнашади. Лекин у пахта теримидан бош тортиш тугул, режани бажармаслик учун ҳам жазолашлари мумкинлигини билмайди. Режа эса ҳар куни 80 кг пахта териб беришдан иборат эди. Салаев бу ишни эплолмайди, бош врач жазо ўрнига унга қўшимча ишни юклайди. Кун бўйи эзилиб ишлагандан сўнг, у кечқурун терилган пахтании пахта тозалаш заводига олиб бориб, ҳосилни торттириб топширишга мажбур эди. Бу иш тонггача давом этади. Оқибатда Сардорбек эрталабки соат 4 гача оч-нахор қолади ва шийпонга қайтиб келолмайди. Лекин шийпонда ҳам уни қолган-қутган овқат кутиб турарди. У кунига икки соатгина ухлаб олар, кейин яна оч қорин билан далага чиқиб пахта теришга мажбур бўларди.

У оч-нахор ва уйқусиз уч кун 20 соатлаб ишлашди. Ваниҳоят тинкаси қуриб йиқилади. У далада хушсиз йиқилиб ётганида трактор оёғини босиб кетади. Шундай қилиб, 10 кун ичида Салаев 60.000 сўм (7,5 долларга яқин) пул ишлаб топади ва жароҳат олади. У на юра олади, на ишлай олади, доим оғриқдан инқиллайди. (Айтиш керакки, пахта терими мавзумида бундан беш баттар воқеалар ҳам юз бериб туради).

Қумбосган – Жаҳон банки томонидан ирригация лойиҳалари молиялаштирган туманлардан бири ҳисобланади. Бироқ, молиялаштиришнинг ўз шарти бор: Ўзбекистон ҳукумати мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқловчи миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари нормасига риоя қилиши шарт. Банк шарт бузилган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиши мумкин, лекин бу омил ҳукуматнинг бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий меҳнатга сафарбар қилишига тўсқинлик қилмаган. Буни Гулхон Авезова мисолида кўриш мумкин. Пахта теришдан бош тортган одамларга нисбатан жарима солиш жазоси қўлланилади. Агар план бажарилмаса, Сардорбек Салаевга ўхшаш кўнгиллилар ҳам жазоланииши мумкин.


Теримчилардан пахтани қабул қилиш. Тимур Карпов олган сурат, «Фарғона»

Маълумки, пахта теримига биринчи навбатда бюджет ташкилотлари ходимларини жўнатишади. Бу жараёнга давлат тизимида ишлаётган ҳар қандай одам сафарбар қилиниши мумкин. Масалан, бола учун нафақа оладиган ёки қандайдир ижтимоий тўловлар ўтказишга мажбур одам пахта теримига юборилиши мумкин. Агар бирорта одам пахта теримига қаршилик кўрсатса, унга тўлов хизмати кўрсатилмаслиги ёки ишдан бўшатилиши мумкин. Корхоналарга келсак, улар ўз ходимларини пахта теримига юборишга мажбур бўлади, акс ҳолда улар фаолиятига турли хил давлат органлари тўғаноқ бўлиши мумкин. Бу ерда ягона битта йўл - у ҳам бўлса, пул эвазига кимнидир пахта теримига ёллашдир. Лекин ҳамманинг ҳам бунга имконияти бўлавермайди.

2017 йили Ўзбекистон ҳукумати пахта мавсумида одамларни мажбурий меҳнатга ёллаш ва болалар меҳнатидан фойдаланиш каби муаммоларни тан олди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан гапирди. Шундан сўнг Жаҳон банки президенти Жим Ён Ким Ўзбекистон президентини мажбурий меҳнатдан мутлоқ воз кечишга чақирди. Кейинги кун Ўзбекистонда барча талабалар, айрим маориф, тиббий муассаса ходимлари пахта далаларидан ортга қайтарилди.

Бу қадам қайсидир маънода намойишкорана кўринади. Лекин бундай қадам Ўзбекистон ҳукуматининг оғизда эмас, амалда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишга тайёр эканини кўрсатади. Бундан ташқари, ҳукумат пахта терими учун ҳақни оширди, одамларни мажбурий меҳнатга ёллаш ҳолатлари бўйича хабар беришга чорлади.

Лекин шунга қарамасдан, 2017 йили пахта терими мавсумида одамларни мажбурий меҳнатга мажбур қилиш ҳолатлари такрорланди. Буни бюджет ташкилотлари, маҳалла, турли ташкилот ходимлари билан сўров ишларини олиб борган Ўзбек- Герман форуми аниқлади.

Аниқланишича, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари мониторинг ўтказилган барча вилоятлар, жумладан, Жаҳон банки лойиҳаси ҳудудига кирган Жанубий Қорақалпоғистонда ҳам кузатилган. Бундан ташқари, UGF пахта терувчилар учун бериладиган пул маблағлари фуқаролардан ундирилгани ҳолатларини хам ҳужжатга киритган. Пул мажбурий меҳнатдан озод қилинган бюджет ташкилотлари ходимларидан ҳам ундирилган.

Ҳукумат ва мажбурий меҳнат

Пахта теримида пул ишлаб олиш учун теримга ихтиёрий равишда чиққанларнинг сони талайгина. Бироқ, Ўзбекистонда пахта терими мажбурий меҳнат эвазига бажарилади. Маҳаллий ва ўлка ҳокимлари ҳукуматнинг марказий аппарати томонидан қўйилган режани бажаришга мажбурдирлар. Пахта терими учун оз пул берилади, иш шароити оғир, шунинг учун керакли миқдорда терувчиларни йиғиш мушкул иш. Лекин пахта планини бажариш керак, бунга ҳоким боши билан жавоб беради. Шунинг учун ҳокимлар бюджет ташкилотларидан нима қилиб бўлсаям пахта теришга ишчи кучи топишни талаб қиладилар.

Ҳукумат ҳисобот, қўлланма ва стенограммаларидан маълумки, асосий ишчи кучи бюжет ташкилотлари, маориф ва тиббиёт соҳаси ходимларидан ташкил этилади. Лекин уларни ишга сафарбар қилиш осон иш эмас. Бу ерда маҳалла маслаҳатчилари, касаба уюшмалари, солиқ ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари асосий ролни ўйнайдилар.

Жаҳон банки кузатувига кўра, мажбурий меҳнатга ёллаш вилоятлар ичида фарқланади. Аҳоли зичлиги кам бўлган ўлкаларда (демак, ихтиёрий теримчилар сони кам бўлади) олдамларни мажбурий меҳнатга мажбур қилиш ҳолатлари кўп учрайди.

2017 йили давлат амалдорлари, бюджет соҳаси ходимлари, ишбилармон ва маҳаллий фаоллар ўртасидаги айрим учрашувларни хуфёна ёзиб олишга эришилди. Учрашувда амалдор шахсларнинг ҳақорат ва тўқ қилишлари қайд этилган. Айрим учрашув стенограммаси ва аудио, видеоёзувлар нодавлат ташкилотлари материалларида, оммавий ахборот восталарида (жумладан, Ўзбекистонда ҳам) эълон қилинган.

Мажбурий меҳнат ҳолатларида асосий рол ўйнайдиган айрим раҳбарларнинг хатти- ҳаракати жамоатчилик диққат марказида бўлди. Ёзувлар ўлка ва маҳаллий амалдорларининг одамларни пахта теримига мажбур қилаётганидан дарак беради. Ташкилот раҳбарлари ўз навбатида ходимларини теримга мажбур қилади ёки ўрнига одам топишига, бўлмаганда теримчи ҳақини беришга мажбур қилади.


Пахта теримидаги мактаб боласи. Сид Янишев фотоси, «Фарғона»

Пахта учун пул ундириш

Ўзбек-Герман форуми сўровларига кўра, бюджет ташкилоти ходимлари, талаба ва тадбиркорларнинг аксарияти пахтага чиқмасдан ўз ўринларида қолишни истайдилар. Пахта теримига чиқишни хоҳламаган инсон учун битта йўл бор – у ўз ўрнига бошқа теримчини ёллаши мумкин. Лекин унга ўз ёнидан пул тўлаши керак. Шундай қилиб, «ўрин ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди»: ишлашни хоҳламасанг, ўрнингга ишлайдиганга пул тўла!

Бир коллеж ўқитувчиси маъмурият ўзи ўрнига бошқа одамни пахта теримига ёллашга мажбур қилганини айтади. Шу билан бирга, унинг ўғли борадиган болалар боғчаси директори уни пахтага чиқиши ёки ёлланган одам учун пул тўлаши кераклигини тушунтиради. Иккита ишни бирданига амалга оширолмаган ўқитувчи қарз олишга, шу йўл билан барча чиқимларни қоплашга мажбур бўлади.

Бошқа бир мисол – кўнгилли равишда пахта теримига чиққан ишсиз аёл ҳам бу ҳолатдан қочиб қутулолмайди. Бюджет ташкилотида ишлаётган эрини пахтага жўнатишади. Эрини пахта теримидан олиб қолиш ва унинг ўрнига бошқасини ёллаш учун аёл пахта териб топган пулини беради.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларидан маориф ва тиббиёт соҳаси ходимларини қайтаришни талаб қилади. Лекин мазкур ташкилотлар раҳбарлари ходимларини пахта теришга ёки ўзлари ўрнига чиқадиган бошқа одамлар учун пул тўлашга мажбур қиладилар. Буйруқлар туман ҳокими, ҳаттоки вилоят ҳокими томонидан берилгани аниқланган. Одамлар буйруқни бажармасалар, уларнинг раҳбарлар томонидан жазоланиши айтилган. Бу борада бир ўқитувчи шундай дейди: «Мажбур қилишмаганида мен далага чиқмасдим. Айтишларича, биз пахта теришга энди мажбурмас эканмиз. Улар ҳатто мажбурий меҳнатга қарши ёзувлари бор плакатни ҳам илишиб қўйишган. Пахта терими ихтиёрий ҳисобланмайди. Агар шундай бўлганида эди, бирорта ўқитувчи пахта теримига чиқмаган бўларди». Касалхонадаги бир шифокор шундай дейди: ҳеч замонда «ақли бор одам» кўнгилли равишда пахта термайди. «Одамлар қўрққанидан, чорасизликдан пахта теради», – дейди у.

Бироқ, нафақат давлат ташкилотлари ходимлари, балки ҳусусий бизнес, якка тадбиркорлар ҳам пахта терими қурбонига айланади. Йирик давлат ва қўшма корхоналар вакиллари UGFга солиқ хизмати ходимлари уларни пахта теришга мажбур қилаётганидан арз қилганлар. Уларнинг ўзлари ўрнига ёлланадиган одамлар учун пул тўлаш миқдори бизнес салоҳияти ва ходимлар сонига боғлиқ бўлган.

Бормасанг– жазолашади

Пахта теришдан бош тортган одамлар турли йўсиндаги жазоларга дуч келганлар. Уларга нисбатан тартиб (дициплинар), ойликда ушлаб қолиш, бола учун ёрдам пули тўламаслик чоралари қўлланилган. Айрим ҳолларда ходимлар ишдан ҳам бўшатилган. Албатта, оғир оқибатлардан чўчиган одамлар пахта теримида иштирок этишга мажбур бўлганлар.

Турган гап, мамлакатда ишсизлик, оғир ижтимоий вазиятда одамлар иш ўринларидан ажралиб қолишни истамайдилар. Амалдорлар жамиятда қўрқув ҳолатини юзага келтиролганлар, шунинг учун ташкилот ходимлари пули тўланмас «жамоат ишлари»: кўча тозалаш, деворларни оқлаш, пахта яганаси, терими, пилла терими каби қишлоқ хўжалик ишларини бажаришга мажбур бўладилар.

Жамоат ишлари номигагина ихтиёрий ҳисобланган. Лекин у ишга жойлашиш учун қонунда кўрсатилмаган мажбурий шарт ҳисобланади. «Бўйин товламайдиганлар» га таъсир қиладиган бошқа йўллар ҳам ўйлаб топилган. «Гапга кирмас» ўқитувчилар учун уларнинг ўқув соатларини қисқартириш шулар жумласига киради. Тиббиёт муассасаларида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Сўров қилинган ҳамширалардан бири шундай деган: «Пахта теримидан қутулишнинг ягона йўли – бу ишдан кетишдир. Агар бўйин товламасангиз, улар сизга ҳайфсанд бериши, ҳаттоки ишдан бўшатишлари мумкин».Агар одамлар бюджет ташкилотига боғлиқ бўлмасалар, уларга ҳам болалар орқали таъсир қилиш йўли топилган. Пахта теришдан бош тортган ота-онанинг боласи болалар боғчасига олинмаслиги мумкин.


Пахта теримидаги қизалоқ. Hrw.org сайти фотоси

Одамларни меҳнатга мажбур қилишда маҳалла қўмиталари ҳам ўз ҳиссаларини қўшадилар. Улар одамларни йиғиб, пахтага юборадилар. Бош тортган одамларга фарзанд учун тўланадиган ёрдам пули берилмаслигини рўкач қиладилар. Пахта теримидан бош тортган тадбиркорларга ҳам осон бўлмайди: улар сохта текширув, жарималар исканжасида қолиб кетадилар. Намангандаги дўконлардан бирида шундай эълон ёпиштирилган: «Магазин пахта теримига ўз ходимини юбормаганлиги учун ёпиб қўйилган. Бозор раиси рухсатисиз у ўз ишини давом эттиролмайди».

Бу одамларга нисбатан қўлланилаётган «замонавий усуллар»дан биридир. Баъзида одамлар бундан ҳам ёмон тўсиқларга учрайдилар. Энг кенг тарқалган усуллардан бири - бу пахта теримида яхши иштирок этмагани учун одамларни ҳақорат қилиш, ҳаттоки уларни дўппослаш усулидир.

Орган ходимлари мажбур қилади

Одамларни мажбурий меҳнатга мажбур қилиш, болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича Жанубий Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан муҳим маълумотлар йиғилган. Бу ҳудудларда Жаҳон банкининг сув ресурсларини бошқариш бўйича лойиҳалари амалга оширилади ва бу ерда одамлар ҳуқуқларининг поймол бўлиши ҳолатларини қайд қилиш имконияти бор.

Аниқланишича, бу ҳудудларда ҳам одамларни пахта теримига мажбур қилиш ёки улардан теримчи учун пул ундириш ҳолатлари тез-тез учраган.

Тўғри, 22 сентябрдаги Бош вазир мурожаатидан кейин айрим маориф ва тиббиёт муассасалари ходимлари пахта теримидан озод этилган. Бироқ, бироз вақтдан сўнг улар яна пахта далаларига қайтарилган. Нукус Давлат университети талабалари ҳам пахта теримига қайтарилган. Улардан бири Қумқўрғондаги пахта терими яна бошлангани, овқат ва ётоқ учун талабаларнинг ўзлари пул тўлаганини айтади. Биринчи курс талабаси қурсдошлари Қараузёққа тунги сменага юборилганини маълум қилади.

2017 йили Қорақалпоғистонда пахта ҳосили яхши бўлмаган. Пахта ҳосили кам етилгани билан бошлиқлар одамларни пахта теримига сафарбар қилаберганлар. 15 октябрдан 15 ноябргача бўлган муддат ҳаттоки "фаол меҳнат ойлиги» деб эълон қилинган. Кейин «фаол меҳнат ойлиги» 20 ноябргача узайтирилган ва бу ҳақдаги хабарлар радиодан берилган. Республика Аёллар қўмитаси, “Нуроний”, “Маҳалла ” жамғармалари ва Касаба уюшмалари кенгаши номидан одамлар ватан олдидаги бурчни бажаришга, пахтанинг “бир грамм мисқоли”гача териб олишга сафарбар қилинган.

Мантиқан йўқ пахтани қанча кўп терма, у ҳеч қачон қўпаймаслигини тушуниш тўғри бўларди. Лекин амалдорларнинг мантиғи бошқача бўлади. Шунинг учун давлат ташкилотлари ходимлари қўп-қуруқ далаларда қолаверганлар, йўқ пахтани терувчи одамлар учун пул тўлайверганлар.

Бир неча одам маҳалла қўмитаси ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини гапириб берганлар. Улар милиция ходимлари ҳамроҳлигида уйма-уй юриб, одамларни пахтага ҳайдаганлар. Буйруққа бўйсунмаган одамларга электрни узиб қўйиш, нафақа пулларини бермаслик чоралари билан чўчитганлар. Айтишларича, сентябрь бошида маҳалла ходимлари, милиция нозирлари ва масжид имоми маҳалладаги 200 та хонадонда бўлиб, одамларни пахта теримига жалб этганлар. Имом кимда-ким пахта теришдан бўйин товласа, у тўй ва аъзаларга қўйилмаслигини айтган. Маҳаллий электрчи хонадонга уланган ток симини узиб ташлаган ҳолат ҳам бўлган. У одамларга бу ҳаракатини “пахта теримида маҳаллага ёрдам бермагани” учун бу хонадон электр тармоғидан узилганини айтган.

Ўзбек-Герман форуми кузатувчиси вазиятга ойдинлик киритиш учун маҳалла қўмитаси раиси билан боғланади. Раис кузатувчини «давлат сиёсатига қарши бораётганлик»да айблаб, ундан ким «чақимчилик» қилаганини сўрайди ва кузатувчи фаолиятини текшириш учун милиция ходимини чақиради.

Солиқ инспекцияси ва орган ходимларининг ишлари алоҳида эътиборга молик.

Ўзбек-Герман форуми вакиллари солиқ инспекторларининг ҳар бир магазинга кириб, сотувчидан теримчи учун 15000 сўм ($1,9 га яқин) бериши, акс ҳолда «автобусга ўтириб» пахта даласига бориши кераклигини талаб қилганига гувоҳ бўлганлар. Бир дорихона эгаси раҳбарлар ундан бир ҳафта пахта терими учун 100 минг сўм (таҳминан $12,5) талаб қилганини айтиб берган. «Улар шундай сўрашадики, бош тортишнинг иложи йўқ. Бўйин товлаш, сизнинг ҳукуматга қарши эканингизни англатади».

Болалар – чўт эмас

Пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари ҳам юз берган. Қумқурғонда бир аёл ўзининг 12 яшар қизалоғи билан пахта терган. Аниқланишича, маҳалла ыщмитаси ходими аёлнинг пахтага чиқмаган маҳали ижтимоий кўмак пулидан маҳрум қилишини айтиб чўчитади. Маҳалла қўмитаси ҳар бир хонадондан пахта теримига биттадан одам юборишни талаб қилган. Оқибатда айрим мактаб ўқувчилари дарсдан кейин маҳалла учун пахта теришга мажбур бўлишган.

Бир ҳамшира аёл пахта теримида қатнашолмаслиги сабаб, теримчига ўн кун учун 100000 сўм (таҳминан - $12,5) беришга мажбур бўлганини айтади. Бўлим бошлиғи агар у бу ишни қилмаса ишдан бўшатишини айтиб қўрқитган.

Бироқ, теримчи беш кундан кейин қайтиб келиб, олинган пулнинг ярмини пахта йўқлиги сабаб қайтариб беради. Оқибатда ҳамшира аёлнинг 17 ёшли ўғли Пахтаободда 20 кун пахта теради.


Antislavery.org сайти фотоси

Зиёнига ишлаш

Юқорида айтилганидек, кўпчилик пул ишлаш мақсадида пахта теради. Лекин пахта мавсуми охирига келиб, теримчилар сони камаяди. Чунки бу пайтга келиб пахта миқдори камайиб, меҳнат шароити ёмонлашади.

2017 йили ҳукумат пахта теримчилари ойлигини оширади. 2016 йили терилган ҳар килограмм пахта учун 280 сўмдан тўланган (ҳозирги курс бўйича тахминан $0,035). Теримчилар ойилиги терим мавсумида тобора ортиб борган. Дастлаб бир килограмм терилган пахта учун 450 сўм, 1 октябрдан 500 сўмдан ҳақ тўланган. Мавсум сўнггига келиб айрим жойларда 800 сўмдан пул тўланган.

Албатта, ойликнинг ошиши ўзбек ишчиларига фойда келтиради, лекин унинг барча теримчиларга таъсири ноаниқлигича қолган. Октябрь ойи ўрталарига келиб пахта майдонларида пахта оз қолган. Керакли миқдорни туриш мушкуллашган. Лекин амалдорлар одамларни пахта теримига сафарбар қилишни давом эттираверган. Айрим ходимлар овқат, транспорт ҳаражати, ётоқ ва шахсий гигиена учун ўзлари чўнтагидан пул тўлашга мажбур бўлганлар.

Айрим теримчиларнинг кимлардандир қимматга терилган пахтани сотиб олиш эвазига жаримадан қочиш учун режани бажарганлиги ҳоллари ҳам учраган. Мавсум охирига келиб «эгар отдан қимматга тушган» ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, қўқонлик коллеж ўқувчиси директор Боғдод туманида 3 ноябрдан бошлаб пахта теришга буйруқ беради. Кунига 3 5 килограмм пахта терган талаба қиз кунлик 2700-3700 сўм фойдасини (тахминан 0,33 – 0,46 АҚШ доллари) олмайди. Ҳар куни пахта даласига бориш қиз учун 12 минг сўмга (тахминан 1,5 АҚШ доллари) тушади, шунингдек, у ўзи билан овқатини олиб келишга мажбур бўлади. Талаба қиз пахтани мажбурий терганини айтади. Агар терим пули кўп бўлганида, у ихтиёрий равишда пахта теримига қатнашишга тайёр эканини айтиб ўтган.

Теримчилар сонини ким ҳисоблайди?

Кўнгилли теримчилар – мажбурий пахта теримига чиқишга йўналтирилган одамларни ўрнини босувчи теримчилардир. Уларни асосан ўзи хоҳламаган ёки ишлолмаган одамлар ёллайдилар. 2017 йили кўнгилли теримчиларнинг кунлик даромади 10 мингдан 30 минг сўмгача (тахминан $1,25-3,75) пулни ташкил этган. Кўпчилик бундай теримчилар учун овқат ва транспорт ҳаражатлари тўланади.

Ихтиёрий равишда пахта теримига чиққан одамлар бу ишни кимларнингдир ўрнига қилишни афзал кўради. Бироқ, на Жаҳон меҳнат ташкилоти (ЖМТ), на миллий дастурларда одамлар ўрнига пахта теримига чиққан кўнгиллилар сони ҳисобланган. Шундай қилиб, мажбурий меҳнат кўлами нақадар кенг ёйилганини ўрганиб чиқиш мушкул масала ҳисобланади.

Арз қилиш қўрқинчли

Ўзбек ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида имзоланган Битимга кўра, маълум иккитомонлама алоқа механизмлари яратилган. 2017 йили ўзбек амалдорлари мажбурий меҳнатга жалб қилиш ёки пул ундириш ҳолатларида одамларнинг ўша механизмдан фойдаланиб келтирилган зарарни қопланишига уриниши сўралган.

Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева соғликни сақлаш ва маориф тизими ходимларидан пахта теримига қарши туриш ва бундай ҳолатлар юзасидан хабар беришларини сўраган. ЖМТ ва Жаҳон банки вакиллари икки томонлама алоқаларнинг ўрнатилиши инсонларнинг эркин меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилишига имкон яратади, деб ҳисоблайдилар. 2016 йили президент Мирзиёев виртуал қабулхонани очди ва энди одамлар давлат органлари ҳаракати юзасидан шикоят қилиш имконига эга бўлдилар. “Халқ қабулхоналари” ҳам одамларни мажбурий меҳнатдан асрайдиган механизмнинг бир қисмига айланди.

Шунга қарамасдан кўпчилик бу механизмга ишонмайди ва мавжуд вазиятга қарши чиқишдан қўрқадилар. Одамлар ижтимоий тармоқларда Норбоева таклифи устидан кулиб, ишонқирамай қабул қилишди.

«Кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Нималар деяяпсиз? Бугун ишга борсам «Ё пахтага борасан ёки пулни чўзасан» дейишди. Агар бўйин товласам, мени ишдан бўшатишади! Ҳозир пахта мавсуми – шаҳар, туманларга бориб ўқитувчи, врачлар қаерда эканлигини ўрганинг! Сизнинг мурожаат қилишингиз шартмас, шунчаки бошингизни кўтариб, атрофга боқинг. Кейин шахсан ҳоким ва директорларга одамлардан пул ундирмаслик тўғрисида буйруқ беринг».

«Наҳотки улар ҳеч нарсани эшитмай, кўришмаса, бизларни аҳмоқ деб ўйлашади, шекилли? Яхшиси улар тинчгина ўтиргани ва ҳеч нарса демагани маъқул. Улар ўзларини-ўзлари алдаяптилар».

«Жин урсин, бу нима янгилик? Вилоят ҳокимларига «директорларга одамларни пахтага олиб чиқмайсан» деб буйруқ беришини айтинг. Вассалом. Қолгани «аравани қуруқ олиб қочиш»дан бошқа нарса эмас!»

«Вазирлар Маҳкамаси ва бу депутат Ўзбекистонда яшамаса керак? Улар қачон уйғонишади?»

«Мен болалар боғчасида ишлайман ва улар (раҳбарлар) бизлардан теримчилар учун пулларни ундириб бўлишди. Бу ҳам етмаганидек, кундузги сменада пахта теришга мажбур қилишяпти».

Шундай қилиб, пахта терими борасида иккитомонлама алоқа кам ишлаяпти. 2017 йили ушбу механизмга мурожаат қилганлар аввалги йилларга қараганда озгина кўпайган.

2017 йили Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши пахта терими пайтида меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақида аризаларни қайд қилган. Улардан 36 таси мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган. 2016 йили бундай аризалар сони 85 та, 2015 йили 68 та бўлган. Меҳнат вазирлиги иккитомонлама алоқа механизми бўйича 152 та аризани қайддан ўтказган, улардан фақат биттасигина мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган.

Жаҳон меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 336 минг одам пахта теримида қатнашига мажбур бўлган, иккитомонлама алоқалар орқали уларнинг бир фоизига арз қилишган. Шундай қилиб, бу механизм жуда паст кўрсатгичга эга. Бу, аввало, гарчи бу соҳага кўп маблағ сарфланса-да, одамларнинг бундай механизм борлигидан бехабар эканини (аҳолининг фақат 25 фоизи бундай механизмлар борлигини билади) кўрсатади.

Бундан ташқари, бундай механизм фойдали эканига одамларнинг ишончлизлиги, репрессия бўлишдан кўрқиши тўсиқ бўлади. Маҳаллий раҳбарларнинг одамларни тўғрисўзлиги устидан тахқирлаши давом этмоқда. Ҳанузгача кўпчилик бюджет ташкилоти ишчилари «пули тўланмас» жамоат ишлари билан банд бўладилар. Бу ҳолат ҳукумат пахта терими кўнгилли бўлиши, одамлар ҳеч қандай асоратсиз ундан воз кечишга ҳақли экани тўғрисида баёнот берган даврда ҳам юз бермоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари одамларни эксплуатация қилинишдан ҳимоя қилиш ўрнига, уларни «ура-ура» шиорлар остида пахта теримига сафарбар қилиш билан банд.

«Озодлик» радиоси «Пахтаграмма» рукни билан доимо пахта терими билан боғлиқ қоидабузарликларни ёритиб боради. «Озодлик» Telegram орқали маҳаллий раҳбарлар одамларни пахта теришга мажбур қилаётгани, улардан пул ундираётгани, ишлаш шароити оғир экани тўғрисида юзлаб хабарларни олган. Гарчи бу арзларнинг эълон қилиниши фуқаролар ҳуқуқини тикламасада, бу борадаги вазиятни кенг оммага маълум бўлишига ёрдам беради. Ҳаттоки, тошкентлик милиция ходими милицонерлар ҳам пахта теришга мажбурланаётгани устидан шикоят қилган.

Амалдорлар ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши курашадилар

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2017 йили ҳам мажбурий меҳнатга қарши назорат чоралари бармоқ билан санарли бўлган. Ҳукумат пахта терими билан боғлиқ 14 та қоидабузарликни аниқлаган, улардан бештаси болалар меҳнатидан фойдаланиш ва тўққистаси мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлган. Учта мактаб директори, иккита коллеж директори, иккита фермер ва битта тиббиёт клиникаси директори одамларни пахта теримига мажбурлагани туфайли жаримага тортилган. Лекин бу борада ҳақиқий тергов ишлари олиб борилмаган. Жумладан, кимнинг буйруғига асосан одамлар пахта теримига мажбур бўлгани, нима учун раҳбарлар ходим ва ўқувчиларни пахта далаларига ҳайдагани аниқланмаган.

Ижобий якун сифатида пахта терими бўйича мажлисда Андижон ҳокими ҳақорат сўзларни қўллагани устидан суд унга жарима солганини мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин суд ҳокимнинг қўрқитиш ва тайзиқ билан бюджет ташкилоти ходимларини пахта теришга мажбур қилгани борасида бирор чора қўрмаган.

2017 йили фаоллар, кузатувчилар ва журналистлар Ўзбекистонда ҳануз одамлар мажбурий меҳнатга тақалаётгани ҳақида хабарлар берган. Гарчи уларнинг ишларига ҳуқуқ-тартибот органлари аралашган бўлса-да, 2017 йил бу ҳолатлар аввалги йилларга нисбатан анча камайган.

Айнан орган ходимлари туфайли Ўзбек-Герман форуми кузатувчилари ўз фаолиятини ошкор қилмасликка мажбур бўлганлар. Шундай қилиб, айрим вилоятларда очиқчасига мониторинг ишларини олиб борган Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова ўз фаолияти давомида орган ва ҳукумат ходимларининг ноқонуний аралашувига дуч келганлар. Масалан, Андижон вилоятида милиция ходимлари Урлаева ва немис фотографини пахта майдонига кирмоқчи бўлганларида йўлини тўсганлар. Фаолларни таъқиб қилинишининг давом этиши пахта етиштириш даврида барча босқичдаги раҳбар шахсларнинг ҳисобот бериши ва унинг шаффофлигини таъминлаш заруратини келтириб чиқаради.

Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари Тошкентда пахта терими мавсумида ҳуқуқ ҳимоячилари билан доимо учрашиб турдилар. Шунингдек, улар фаоллар иштирокида икки марта Меҳнат вазири ўринбосари билан учрашув ташкил қилдилар. Учрашув иштирокчиларининг сўзларига кўра, учрашувлар очиқ, конструктив вазиятда ўтган, фаоллар томонидан аниқланган қонунбузапрлик ҳолатлари муҳокама қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, бу учрашувлар авваллари фаолларга ёвқараш қилган ҳукумат томонидан қўйилган ижобий қадамдир.

Бироқ, Халқаро меҳнат ташкилоти ўз ҳисоботида фаоллар томонидан йиғилган маълумотларни акс эттирмаган, фақат ХМТ ва мустақил фуқаро фаоллари якунларида фарқ йўқ эканига ишора қилган. ХМТ Ўзбекистон ҳукуматига берган тавсиясида, шунингдек, кузатувчилар таъқиб остига олингани ҳолатларини ҳам кўрсатмаган.

Бундан ташқари, ҳукумат ҳанузгача фуқаролар жамиятидаги ижтимоий иқлимни яхшилаш учун бирорта жиддий қадам ташламаган. Ҳуқуқий чекланиш ва доимий таъқиблар ҳукумат ва фуқаро фаоллари ўртасида бошланган ҳамкорликка тўсиқ бўлиши мумкин. Айрим фаоллар ҳанузгача ҳуқуқий таъқибларга дуч келмоқдалар. Айрим ҳолларда бу вазият уларнинг фаолият юритишига тўсқинлик қилиши, бу соҳада ҳукумат нуфузига путур етказиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский