Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Бир соатда 42 нафар инсон тақдири ҳал этилган. Россия судялари мигрантларни депортация қилишнинг ажойиб усулларини ўйлаб топганлар — ИА «Фергана» — мобильная версия

Бир соатда 42 нафар инсон тақдири ҳал этилган. Россия судялари мигрантларни депортация қилишнинг ажойиб усулларини ўйлаб топганлар

Екатерина Иващенко

Митиши ИИБдаги қўлга тушган мигрантлар. Каримжон Ёровнинг Facebook саҳифасидаги сурати

Ҳар йили биргина Москванинг ўзидан ўн минглаб мигрантлар депортация қилинади. Россия қонунчилиги бўйича, суд чет эл фуқароси иштирок этган жараёнда унга нисбатан чора ҳукмини қўллаши керак. Лекин амалда мигрантларни суд қилмасдан, шунчаки мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари тез-тез учрайди. Мигрантларга сохта суд жараёнларига доир бланкаларни суд ходимлари эмас, полициячилар топширадилар. “Фарғона” мухбири депортация ишлари "бир қолипга" солинганини Москва вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти мисолида кўриб чиқди.

* * *

Тўққизинчи август куни Назрихўжа ўзига ўхшаган ўнлаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик йигитлар билан Митиши шаҳридаги магазин олдида полиция томонидан қўлга олинади. Москва вилояти Митиши шаҳри бўйича Сухарёв полиция бўлими ходимлари миграция учётини текшириш баҳонаси билан йигитларни полиция автобусига юклайдилар.

- Автобусда менга ўхшаган Ўрта Осиёдан келган мигрантлар ва иккита полициячи ўтирарди. Бизларни қурилиш майдонига олиб боришди ва автобусдан туширишди. Полиция ходимлари тўппонча билан дўқ қилиб, ҳар биримизни кичкина бир хонага олиб кириб, қўлимизга қурилиш асбобини бериб суратга олдилар. Бизлар 18 киши эдик, бизларни яна мажбурлаб автобусга ўтказишди ва у ерда соатлар ушлаб туришди, — деб ҳикоясини бошлайди Назрихўжа.

Кейин йигитларни Сухарёв ички ишлар миграция бўлимига олиб боришади. У ерда йигитларни эрталабгача коридор, йўлакларда сувсиз, туалетга чиқишига рухсат бермасдан ушлаб туришади. Турган гап, қўлга олинган барча йигитларнинг ҳужжатлари тортиб олинган.


Автобусдаги қўлга тушган мигрантлар. Каримжон Ёровнинг Facebook саҳифасидаги сурати

Келаси кун соат 15.00 да оч-наҳор йигитларни Митиши шаҳар полиция бўлимига олиб келишади ва темир панжара билан ўралган жойда кутиб туришга мажбур қиладилар. Кейин уларни бирин-кетин ичкарига олиб кириб, бармоқ изларини олишади ва яна ташқарига олиб чиқишади. Кечга яқин полиция ходимлари ҳар бир йигит қўлига суд қарорини топширадилар. Қарорда ишга рухсатномасиз, яъни патентсиз ишлаганлик учун 5000 рублдан жарима солингани ва чет эл фуқароси мустақил равишда Россияни тарк этишга мажбур экани ёзилганди.

Ҳужжат Митиши шаҳар судининг судяси Николай Александрович Матросов томонидан имзоланган эди. Бу воқеанинг энг ачинарли томони шундаки, мигрантларнинг бирортаси судяни кўрмаган, судда иштирок этмаган, суд қарори сиртдан чиқарилган. Бу эса тўғридан-тўғри қонун бузилишидан бошқа гап эмас.


Матросов имзолаган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги суд қарори. Екатерина Иващенко фотоси, “Фарғона”

Аслида юз бермаган суд жараёнлари

Бу Россияда ҳар куни содир бўлаётган юзлаб “кўринмас суд жараёнларидан” бир мисол, холос. Мигрантлар учун ҳеч қанақа кафолат йўқ. Улар қонуний магазинда, қурилишда ишлашлари ёки шунчаки кўчаларда сайр қилишлари мумкин. Лекин полициячилар хоҳлаган чет эл фуқаросини тўсиб, текшириши, полиция бўлимига олиб бориши мумкин. У ердан хоҳласа судга олиб борадилар, хоҳламаса йўқ, лекин қўлига суд ҳукмини бериб, мамлакатдан чиқариб юборадилар.

Аслида, чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш қарори Россия маъмурий тартиббузарлик кодексининг 18.8,-модда, 3-банди (яшаш муддати режимини бузганлик, жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш) ва 18.10,-моддалар 2-банди (ноқонуний меҳнат фаолиятини юритиш, жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш) билан амалга оширилади.

Россияга ишлаб пул топгани келган мигрант учун бундан ортиқ дахшатли жазо йўқ, чунки, мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориш кетидан унга мамлакатга киритмаслик учун бир неча йилга тақиқ ҳукми берилади. Биринчи бор ихтиёрий мамлакатни тарк этганларга беш йилга тақиқ берилади. Иккинчи бор бундай ҳолат учун мигрант "Чет эл фуқаросини вақтинча ушлаб туриш маркази"да мажбуран ушлаб турилади ва унга 10 йил Россияга кириш ман этилади.

Мигрантлар учун бепул маслаҳатлар берадиган юрист Валентина Чупикнинг “Фарғона”га берган маълумотига кўра, қонун бўйича депортация иши ва у билан боғлиқ суд жараёни айбдорнинг шахсан иштирода кўрилиши керак.

- Қонун бўйича суд жараёни қандай ўтиши керак? Қўлга олинган одам ўша куннинг ўзида судга олиб борилади ва бу кодексда ёзилган. Инсон полиция бўлимида энг кўпи 48 соат ушлаб турилиши мумкин, қачонки суд жуда олисда жойлашган бўлса. Судда қонун бўйича мигрантга адвокат, таржимонни таклиф этишлари шарт, шунингдек, элчихонанинг консули огоҳлантирилади. Судя қўлга олинган шахсга унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши керак. Кейин мигрант қоғозга қўл қўяди. Шунингдек, суд жараёни аудиоқайддан ўтиши лозим. Ҳар бир жараён очиқ, оғзаки ва индивидуал тарзда олиб борилиши керак. Лекин суд жараёни бешталаб, ёки ўттизталаб одам иштирокида ўтказилмайди. Аслида, суд жараёни камдан-кам қонун доирасида ўтказилади. Судялар англаган ҳолда процессул тартиббузарликка йўл қўяётгани ҳақида минглаб мисолларни келтириш мумкин, — дейди Чупик.

Валентина Чупик ўзоқ йиллик фаолияти давомида Россиядаги суд жараёнларини кўп бор таҳлил қилиб кўрган. Унинг маълумотларига кўра, барча суд ишларининг 68,4%, жами маъмурий тартиббузарликнинг 82% мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш ишлари билан боғлиқ бўлган (бу каби таҳлил бундан икки йил олдин “Фуқаровий кўмак” қўмитаси юристлари томонидан ўтказилган).

- Судлар мигрантлар ишига кўмилиб кетган. Оилавий муаммолар ёки фуқаролар ишларини кўриш ўрнига, судялар пачкалаб мигрантларни депортация қилиш ишлари билан бандлар, — дейди Чупик ва бу ишлар 2013 йилдан, яъни Москва мэрлигига сайлов пайти мигрантларга қарши кайфият бўрттирилган пайтдан бери давом этиб келаётганини қўшимча қилади.

Судяларнинг мигрантлар ишини тезкор кўриши шу даражага етганки, айрим ҳолларда улар чет эл фуқароси эмас, Россия фцқароларини ҳам депортация қилиб юборганлар. Бунга сабаб - полициянинг инсонларни ташқи кўринишига қараб қўлга олишидадир (бу мавзу “Фарғона”да чоп этилган “Чекка Осиё. Нега полиция кўпроқ тожик ва ўзбекларни ушлайди” мақоласида батафсил ёритилган). Полиция билан “олди-берди” қилиб юрган судялар кимлигини текшириб ўтирмасдан барчани депортация қилиши мумкин.

- Масалан, мамлакатдан чиқариб юборилаётганларнинг 40 фоизи қирғизлардир, гарчи улар умумий мигрантлар сонининг 11 фоизини ташкил этаётган бўлса-да. Чунки улар ташқи кўринишидан “кўзга чўғдек” кўринади, — деб тушунтиради Чупик. — Олдимга қирғиз миллатига мансуб бир йигит келди. Чўнтагидан ғижимланиб кетган қоғозни чиқариб менга берди. Қоғозни очиб, ичидаги матнни ўқийман: “суд қарори билан Қирғизистонга чиқариб юборилган”. Унга кеч келганини, қарши даъво аризасини ёзиш учун бир кун муҳлат қолганини айтдим. Йигит полиция у билан бирга қурилишдаги 51 нафар ишчини ушлаб, ҳар биридан икки минг рублдан пора сўраганини, пул берилмаган пайт улар “уйларига равона” бўлишларини айтгании гапириб берди. Йигит ойлик узоқ пайтдан бери берилмагани учун, пули йўқлигини айтган. Охир-оқибат полиция ходимлари қўлга тушганларнинг барчасини участкага олиб бориб, у ерда деярли бир кун ҳисбда ушлаб турадилар, кейин паспортларни йиғиштириб олиб, ундаги фамилияларни ёзиб, барчани судга олиб борадилар. Мигрантлар суд биносининг коридорида кутиб туришади, уларга бир аёл пешвоз чиқиб, мигрантлар сонини ҳисоблайди ва кириб кетади. Кейин иккинчи аёл чиқиб, полициячи қўлига бир тутам қоғозларни топширади. Полиция ходими фамилияларни ўқиб, йигитларнинг ҳар бирига суд томонидан чиқарилган депортация ҳукмига оид ҳужжатни тарқата бошлайди. Бу “бахтли” қоғоз менинг мижозим қўлига ҳам тушади. Кейинчалик аниқланадики, мижозим - Россия фуқароси бўлган!

Қарорнинг “тезпишар” навлари

Валентина Чупик суд қарорларини таҳлил қилади: 2015 йил Москва шаҳар суди мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш ишларини шундай тезкорликда кўриб чиққанки, бундай самарани ҳеч қаерда учратмаслик мумкин - судялар фисмонан мумкин бўлмаган ишни қойиллатганлар, яъни соатига 42 тадан иш кўриб чиқилган! Энг қизиғи шундаки, судялар бундан уялиш, уни яшириш тугул, ўз сайтида амалга оширган ишларини очиқ эълон қиладилар.

2015 йили судялар жами 11 минг одамни Россиядан чиқариб юборганлар. Таржимонлар фақат 617 нафар мигрантга бириктирилган, суд томонидан одамларга юридик ёрдам кўрсатилмаган, фуқароларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ элчихоналарнинг бирортаси огоҳлантирилмаган.

- Бундан ташқари, судялар бланканинг “чиқариб юборилишига сабаб” бўлимини тўлдиришга эриниб, унга мигрантнинг исми фамилиясини ёзиб қўйишган, — деб қўшимча қилади юрист.

Йилдан - йилга Россиядан чиқариб юборилаётган мигрантлар сони ортиб бормоқда. Россия ИИВ миграция масалалари Бошқармасининг раҳбари Ольга Кириллованинг маълумотларига кўра, 2017 йили Россиядан 137 минг нафар мигрант чиқариб юборилган (2016 йили бу рақам - 60 мингни ташкил этган), яна 210 минг одам аввали Россияда яшаш қоидасини бузгани учун мамлакатга киришга тақиқ олган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрига кўра, полиция ходимлари чет элликларни миграция қонунчилигига нақадар бўйсунаётганини текшириш учун эмас, пора учун тўхтатиб, текширишларини таъкидлайдилар. Мигрантнинг ҳужжатлари жойида бўлган тақдирда ҳам ундан 5 мингдан 10 минг рублгача пора олиниши мумкин.

Митишида 9 августда ушланган, 14 августда ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган мигрантларга қайтамиз. Суд қарорини ўқиб ва мигрантларнинг ҳужжатлари жойида эканига амин бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Митиши судига бориб, судя Матросовдан 18 нафар одамни кўрмай туриб, қандай қилиб ҳукм чиқарганини сўрайди.

- Дастлаб судя ҳайрон бўлди, кейин мен унга суд қарорини кўрсатдим. Бунга жавобан судя “мигрантлар шикоят қилиб ҳуқуқ ҳимоячисининг олдига эмас, менинг олдимга келишлари керак эди”, деди. Бу ерда суд ва полиция “ош-қатиқ” эканига беихтиёр амин бўласан киши. Йўқса, полиция участкасида тарқатилаётган суд қарорларини қандай изоҳлаш мумкин? — дейди Ёров.


Мигрантларга суд ҳукми тарқатилган полиция бўлими. Екатерина Иващенко фотоси, “Фарғона”

Судяларни ҳам жазолаш керак

15 август куни биз Ёров ва Чупик ҳамроҳлигида Митиши шаҳрига бориб, ўша полиция бўлимини топдик. Полицияга кириш ва участка майдони видеокузатувга олинган, демак, видеоёзув мигрантларга нисбатан қилинган ноқонуний ҳаракатларни исбот қилиши мумкин.

Суд биносига келсак, у полиция участкасидан 10 дақиқа пиёда олислигида жойлашган. Бизлар суд биносига соат 14.30 да етиб келдик ва Ёровни таниб қолган судя Николай Александрович Матросов ўзининг «мерседес» машинасига ўтирар эди. Ундан 18 нафар мигрант ишига изоҳ беришини сўраганимизда, “хоҳласангиз устимдан шикоят ёзинг”, деб машина ойнасини ёптида, жўнаб қетди.


Ҳуқуқ ҳимоячилари билан гаплашишдан бош тортган судя Матросов. Екатерина Иващенко фотоси, “Фарғона”

- Судянинг ўз ҳатосини тўғрилаб олиши учун озгина имконият бор эди, лекин у буни хоҳламади. Бу каби ўнлаб ҳолатлар мавжуд ва судялар ўз қарорларини (гарчи нотўғри амалга оширган бўлсалар-да) ўзгартирмайдилар, шунинг учун судяларни жазолаш керак. Судянинг айбини исбот қилиш осон - суд ва полиция видеокамерасидаги ёзувларга қаралса бас. Мен Матросовга нисбатан Москва вилояти прокуратурасига шикоят қилиб, уни дисциплинар жавобгарликка тортилиши ва бу иш прокуратура назорати остида бўлишини сўрадим, — деди Валентина Чупик.

Мигрантларга келсак, улар суд томонидан чиқарилган ҳукмга қарши апелляция арзини берадилар. Чупик иш мигрантлар фойдасига ҳал бўлишига ишонади. Бундай ишончга нафақат мигрантларнинг ҳужжатлари жойида экани, балки судянинг барча исботлари “сохта” экани асос бўла олади.


Валентина Чупик ва Каримжон Ёров Митиши шаҳар ички ишлар бўлими-да. Екатерина Иващенко фотоси, “Фарғона”

Ноқонуний суд ҳукмини доимо иккинчи инстанция судида ютиш мумкин. Лекин кўпгина мигрантлар суд қарорлари қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билмайдилар, шунинг учун бундай ишлар амалга оширилмаяпти. Албатта, бу ерда мигрантнинг ҳужжатлари жойида бўлиши керак, — деб таъкидлайди юрист.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар бир мигрант ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга курашиши керак, токи ҳар ким қонун бўйича ўз ишини амалга оширсин, дейдилар. Судялар устидан шикоятлар қанча кўп бўлса, улар шунчалар ўзларининг бош вазифаси - қонун ҳимоя йўлида ишлайдилар.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский