Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
ОИТВ қаердан келиб қаерга кетмоқда. Марказий Осиёда яқин йиллар ичида касалланишнинг янгидан авж олиши мумкинлиги ҳақида — ИА «Фергана» — мобильная версия

ОИТВ қаердан келиб қаерга кетмоқда. Марказий Осиёда яқин йиллар ичида касалланишнинг янгидан авж олиши мумкинлиги ҳақида

Екатерина Иващенко

Форум иштирокчи-мамлакатлари ва ташкилотчиларининг байроқлари. Ecuo.org сайти фотоси

ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш учун Глобал фонд Шарқий Европа ва Марказий Осиёда (ШЕМО минтақаси) ОИТВ (одам иммун танқислиги вируси)га қарши кураш дастурларининг асосий молиявий манбаси саналади. Бироқ фонднинг фаолиятида жуда муҳим жиҳат мавжуд. Қачонки мамлакат Халқаро валюта жамғармаси рейтингига мувофиқ қашшоқ мамлакатлар тоифасидан ўрта тоифага (low middle-income countries) ўтса, Глобал фонд ундаги ўз дастурларини қисқартиришни бошлайди: бу давлат мазкур муаммога қарши кураш олиб бориш учун етарли маблағга эга, деган хулосага келинади.

Марказий Осиё мамлакатларида ОИТВ тарқалганлиги тахминан 0,2 фоизни ташкил этади. Бу катта бўлмаган кўрсатгич. Худди шунақанги фоиз 1998 йилда Россияда кузатилган. Бироқ кам деганда иккита сабабга кўра бу ерда ОИТВ профилактикаси устида ишлаш зарур. Биринчидан, Россиянинг йўлини қайтармаслик учун. Негаки, Глобал фонд мамлакатни тарк этиши билан Россияда ОИТВ атрофидаги аҳвол ёмонлашди. Иккинчидан, минтақадан Россияга қараб жуда катта миграция оқими кетмоқда, ундаги ОИТВ тарқалганлиги олти баробар юқори, - дейди ОбЯО ШМБ (ОИТВ билан яшайдиган одамларнинг Шарқий европа ва Маркизий осиё бирлашмаси - ВЦО ЛЖВ) дастурининг маслаҳатчиси Даниил Кашницкий.

Глобал фонд ҳозирча минтақада Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги дастурларни молиялаштириб келмоқда. Фонд молиялаштиришни тўхтатадиган мамлакатларнинг биринчилари Ўзбекистон ва Қирғизистон бўлади.

ОИТВ ва сил профилактаси учун давлат молиялаштируви яхшими ёки Глобал фонд ресурларидан фойдаланиш яхшими деган саволга жавоб бера туриб Кашницкий фонд Болқон ярим ороли мамлакатларини тарк этганида, у ерда мазкур касалликлар атрофидаги вазият кескин ёмонлашганини эслатиб ўтди.

- Давлат бу каби дастурларни молиялаштиришга тайёр эмаслигини кўрсатди. Нафақат етарли маблағ бўлмади, балки нотижорат ташкилотларини молиялаштириш заруратини тушуниб етиш бўлмади. Уларда “ахир бу ишларни давлатнинг ўзи бажариши мумкин”, деган фикр устун келди, - дейди Кашницкий. – Қайд этиш жоизки, давлат дориларни осонгина сотиб олиши мумкин, бироқ профилактика ўтказиш ва одамлар билан ишлашни эплай олмайди. Шунинг учун ҳам минтақа мамлакатлари расмийлари билан ишни бошлаш, уларни Глобал фонднинг кетишига босқичма-босқич тайёрлаш муҳим. Бизнинг “совет” медицинамиз ақлли докторларни тарбиялашга уста, бироқ профилактика масаласида кучли эмас, айниқса бу ОИТВга тўқнаш келаётган яхши ҳимояланмаган гуруҳларга тааллуқли. Давлатга ОИТВ профилактикаси бўйича ишлаш ҳомиладорликдан сақланиш воситаларини тарқатиш, шприцларни алмаштириш ва бошқа тадбирларни ўз ичига олишини тушунтириб бериш керак. Бу ишларга ҳам маблағ ажратиш муҳим.

Эпидемия оддий одамларни нишонга ола бошлади

Минтақа мамлакатларининг давлат томонидан молиялаштириш тизимига ўтиши 22-25 октябрь кунлари Киевда ўтган “ОИТВ/ОИТС эпидемиясига жавобан шериклик: Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг тажрибаси ва ютуқлари” халқаро форумида муҳокама қилиб олинди. Форум ОбЯО ШМБ томонидан ташкил этилган.

Қирғизистондаги “Зарарни пасайтириш шериклик тармоғи” уюшмасининг вакили Екатерина Новикованинг айтиб беришича, Қирғизистонда ОИТВ профилактикаси 90 фоизга донорлик ташкилотлари томонидан молиялаштирилган бўлиб, бу ерда асосий ролни Глобал фонд ўйнаган.

- Глобал фонд томонидан хизматларнинг молиялаштирилиши ҳозирнинг ўзида 2,5 баробарига қисқарди, - дейди Новикова. – 2014 йилда 7,5 млн доллар ажратилган бўлса, 2018 йилга келиб 3,5 миллион долларгача қисқарди. ОИТВ мазмуни бўйича ишлайдиган 30 та нотижорат ташкилотларидан деярли ярми ёпилди. Наркотикларга мойил шахслар учун ўринбосар терапия пунктлари ҳамда шприцларни алмаштириш пунктлари қисқарди. 2020 йилдан сўнг биз бундан-да каттароқ қисқаришларни кутиб ўтирибмиз, 2023 йилда эса Глобал фонд томонидан молиялаштириш бутунлай тўхтайди.


Екатерина Новикова. Ecuo.org тақдим этган фотосурат

Новиковага кўра, мамлакатда ОИТВ-инфекцияланганлар ўсишининг кўпайиши учун эпидемиологик шароитлар мавжуд: ҳар йили 700 дан зиёд янги ОИТВ ҳолатлари аниқланмоқда. Ҳолбуки, авваллари муайан гуруҳ вакилларида (гиёҳванд бангилар, фоҳишалик билан шуғулланувчилар) ОИТВ аниқланиб келган бўлса, ҳозирги кунда бунақа ҳолатлар оддий одамлар орасида, шу жумладан, доимий жуфтликлар орасида ҳам аниқланмоқда ва уларнинг сони ошиб бормоқда. Шундай қилиб, Глобал фонднинг мамлакатдан кетиши ОИТВ инфекция юқтириб олганлар сонининг кескин равишда кўтарилишига олиб келиши мумкин.

- ОИТВга қарши кураш дастурларини Глобал фонд даражасида амалга давлат томонидан барқарор молиялаштируви ОИТВ-инфекцияси тарқалишининг кескин кўтарилишининг олдини олиши мумкин, - дея билдирди Екатерина Новикова. - 2017 йилда дастурларни қўшимча молиялаштиришга эҳтиёж 1 827 минг долларни ташкил этган, бироқ давлат бюджетидан бор-йўғи 630 минг доллар ажратиб берилди, холос. 2019 йилда 1827 минг доллар керак бўлган ҳолда 870 минг ажратилиши режалаштирилган.

- Шунга қарамай, Новиковага кўра, 2023 йилга келиб расмийлар зарур харажатларни тўлиқ қоплашга ваъда бермоқдалар.

Нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги масаласида Қирғизистонни илғор мамлакат деб санаса бўлаверади. Новикованинг қайд этишича, нотижорат ташкилотлари 2016 йилда ОИТВ профилактикаси дастурларини давлат молиялаштирувига ўтказиш бўйича “йўл харитасини” ишлаб чиқдилар ва бу ҳужжат 2017-2021 йилларда ОИТВ профилактикаси бўйича давлат дастурига киритилди.

- Қирғизистон бошқа мамлакатларга намуна бўлишга арзийди, - дея қўшилади Даниил Кашницкий. – Қирғизистоннинг нотижорат ташкилотлари мутасаддилар билан аъло даражада ҳамкорлик қилиб, ОИТВ профилактикаси дастурларини молиялаштиришга пул ундиришга уста бўлиб қолган. Худди шунақа ишларни бошқа мамлакатлар ҳам ўтказишни бошлаши керак, негаки Глобал фонд уларни тарк этиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам жараёнлар юришиб қолди – у ерда давлат ОИТВ бўйича дастурларнинг ярмини молиялаштирмоқда.

Презервативлардан фойдаланишни билишмайди

Форумда кўтарилган иккинчи мавзу – мигрантларнинг ОИТВ даволаниши имконияти бўлиб қолди. Муаммо шундаки, мигрантларни қабул қилувчи асосий мамлакат Россия саналади, унда ОИТВ инфекциясига чалинган чет эллик фуқароларни депортация қилиш бўйича ҳуқуқий меъёрлар мавжуд. Мигрантлар ўзлари чиққан мамлакатда ҳам, Россияда ҳам даволаниш имкониятига эга бўлишлари мутлақо равшан. Айнан шунинг учун ҳам Марказий Осиё минтақаси бу соҳада давлатлараро келишувларга муҳтож.

Роспотребнадзор қошидаги Эпидемиология марказий илмий-текшириш институтининг катта ходими, инфекционист врач Анастасия Покровскаянинг қайд этишича, давлат депортация меъёрларини сақлаб қолаётганини Россия ҳудудида ОИТВ тарқалишини чеклаш зарурати билан изоҳланади. Бироқ, бугунги кунда мигрантларни изоляцияси ва депортацияси ОИТВга қарши курашнинг эски шаклига айланиб қолган. Боз устига, ОИТВга чалинган мигрантлар кўп ҳолларда мамлакатни тарк этмай, бу ерда нолегал ҳолда қоладилар ва шу билан бирга даволаниш имкониятига эга бўлмайдилар.


Анастасия Покровская. Ecuo.org тақдим этган фотосурат

Депортация бўйича меъёрларнинг бекор қилиниши Россия учун популяция кўламида катта самарага эга бўлади. Ҳозир мигрантлар нолегаллик майдонига ўтиб кетишмоқда. Улар ўз юртларида уч ойгача терапия олишлари мумкин (яъни дори-дармон олишлари – “Фарғона” изоҳи.). Шунинг учун уйга бормасликни афзал кўрадилар, негаки бундан кейин уларни Россияга қўйишмайди. Пировардида, улар Россияда қоладилар ва ўз муаммолари билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қила олмайдилар. Оқибатда улар бизга оғир аҳволда қолган пайтда мурожаат қиладилар, бу эса Россия тиббиёт соҳасига улкан юклама бўлиб қолади. Шундай қилиб, ОИТВ соҳасидаги қонунчилик ОИТВнинг тарқалишини чеклашдан кўра, кўпроқ кўнгилсиз оқибатларга олиб келмоқда. Депортация тўғрисидаги меъёрнинг бекор қилиниши кўпроқ одамларнинг текширувдан ўтказишга, инфекция ҳақида кўпроқ маълумотлар тарқатишга олиб келади ва натижада юзлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради. Кенг маънода тушунадиган бўлсак, бу мигрантларнинг криминаллашувини камайтиради, уларга қонуний равишда ишлаш ва мамлакат ЯИМ даражасини кўтаришга шароит яратиб беради, - дея қайд этиб ўтди Покровская.

Шу билан бирга эксперт мигрантларни даволаш биргина Россия бюджети зиммасига юкланмаслиги керак деб ҳисоблайди. Тегишли давлатлар билан мигрантларни антиретровирус терапияси билан таъминлашнинг қўшма лойиҳаси ишлаб чиқарилиши зарур.

“Шаги” фонди – ОИТВ мусбат бўлган мигрантларга ёрдам берувчи Россиядаги нотижорат ташкилоти. Ушбу фонднинг координатори Кирилл Барский яна битта муаммони қайд этиб ўтди: Россия қонунчилигига кўра, мамлакатда Россия фуқаролиги бор қариндошларга эга бўлган мигрантларни депортация қилиш мумкин эмас. Бироқ амалда бу қонунчилик меъёри ишламаяпти: одамларни қариндошлари борлигига қарамай мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга уринишмоқда.


Кирилл Барский. Ecuo.org тақдим этган фотосурат

Шундан кейин Барский ОИТВ профилактикаси ва даволанишига халақит берувчи тўсиқларни санаб ўтди. Тўсиқларнинг биринчиси – одамларнинг ОИТВ борасидаги хабарсизлиги ва гигиенанинг оддий кўникмаларидан мосуволиги бўлиб қолмоқда. Мисол учун, Барский Фондга ёрдам сўраб мурожаат қилган 28 ёшли мигрантни презервативдан қандай қилиб фойдаланиш кераклигини ўргатишга тўғри келганини сўзлаб берди.

- Иккинчи тўсиқ – осиёча менталитет, - дея давом этади Барский. – ОИТВ юқтириб олган мигрант даволангани юртига кетмайди, ҳолбуки у бепул терапияни фақат ўша ерда олиши мумкин. Унинг бормаслигининг сабаби – қариндошлари билиб қолишидан қўрқишида. Учинчи тўсиқ – тил билмаслик. Сиз уларга соатлаб ОИТВ ва унинг профилактикаси ҳақида гапиришингиз мумкин. Сизни тинглаётган ҳамсуҳбатларингиз худди тушунгандек бошларини ликкиллатиб ўтирадилар. Бироқ амалиётга келганда, улар сени мутлақо тушунмаганлари аниқ бўлади.

“Центр плюс” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Владимир Маяновский ҳам коммуникатив муаммолар мавжудлигини тасдиқлади.

- Бизга эри Москвада ўлиб қолган осиёлик аёл мурожаат қилди. Шу ерда у ОИТВ бўлиб қолган экан. Биз анализларни олдик ва уларга асосан терапия ёзиб бердик. Гап шундаки, антиретровирус терапияни бутун умр давомида қатъий белгиланган вақт давомида олиш керак. Биз аёлга икки ойдан кейин телефон қилиб, у дориларни ичмай қўйганини билиб қолдик. Маълум бўлишича, у “ўзини яхши ҳис эта бошлагани” учун шундай қилган экан.

Маяновскийга кўра, мигрантлар билан ОИТВ муаммоси билан ишлаш жуда муҳим, негаки Москвадаги диаспора ташкилотлари уларга жуда кўп сонли одамларни юбормоқда.

- Мисол учун, ҳозир бизнинг Марказ ОИТВга чалинган икки ҳомиладор мигрант аёл билан ишлаяпти, улар Москвада туғадилар. Бироқ шуни тушуниш керакки, биздаги ресурслар чекланган, анализлар ва терапия қиммат, бизнинг захира аптечкамиз ҳам бор, бироқ биз ҳаммага ёрдам бера олмаймиз. Одам даволаниши учун депортация тўғрисидаги меъёрни бекор қилиш керак. Бу мавзуни бутун минтақа даражасида кўтариш лозим, балки ўшанда аҳвол ўзгариши мумкин бўлади, - дейди Маяковский.

Депортация таҳдиди

ОИТВ-мусбат мигрантлари билан ишлайдиган Тожикистондаги “Гули Сурҳ” нотижорат ташкилоти вакили Севара Комилованинг айтишича, унинг мамлакатида ёш йигитларни армияда хизмат қилдирмаслик учун Россияга ишлагани жўнатадилар.


Севара Камилова. Ecuo.org тақдим этган фотосурат

- Оиладаги назоратдан эркин ҳаётга тушиб қолган ёш йигитлар ҳимояланмаган жинсий алоқа қурбонига айланиб қолади ва ОИТВ юқтириб олади ва бу касаллик Россияда патент олаётган пайтда юзага чиқади. Статистиканинг гувоҳлик беришича, 5-6 йил олдин Тожикиистонда ОИТВ асосан инъекция орқали тарқалган бўлса, ҳозир касалликни 50-60 фоизи жинсий йўл орқали юқтирилмоқда, - дея қайд этди Комилова.

- Депортация тўғрисидаги меъёр туфайли бизнинг фуқаролар Россияга нолегал ҳолатда чиқиб кетишмоқда ва миграциявий рўйхатидан ўтмай, патент расмийлаштирмаяптилар, - дейди Комилова. – Антиретровирус терапия уч ой давомида берилаётгани боис улар кўп ҳолларда даво муолажаларисиз қолишмоқда. Шунинг учун ҳам биз имкон қадар дори билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз, бироқ доим ҳам бўлавермаяпти. Ҳозир Россия ТИВ ва Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида мигрантларнинг Россиядаги аҳволини енгиллатиш бўйича интенсив музокаралар ўтказилмоқда. Бироқ, Россияда бизнинг мигрантларимизни терапия билан таъминлашга пул йўқлигини ҳам тушунамиз. Шунинг учун мен ҳам бутун минтақа миқёсида депортация тўғрисидаги меъёрнинг бекор қилиниши тарафдориман.


Конференция иштирокчилари. Ecuo.org тақдим этган фотосурат

Экспертлар миграция масаласи нафақат иқтисодиётга оид, балки Россияда ҳам, унга мигрантларни жўнатаётган мамлакатлар учун ҳам соғлиқни сақлаш масалаларига жиддий таъсир кўрсатаётгани тўғрисидаги фикрда якдил бўлдилар. ОИТВ ҳақида сўз юритиладиган бўлсак, мигрантлар, ҳимоясиз қолган гуруҳ бўлмай қолди. Конференция якуни бўйича ОИТВ юқтирган мигрантлар билан ишлаш бўйича стратегик режа ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг манфаатларини давлатлараро миқёсда ҳимоя қилишга қарор қилинди.

- Биз тўхтовсиз равишда фоҳишалар, гиёҳванд бангилар ҳамда қамоқда сақланаётган одамларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида гапириб келамиз, лекин мигрантлар ҳақида бирор оғиз сўз айтмаймиз. Улар заиф ва ўзлари ҳақида бирон нарсани билдиришга ҳайиқадилар. Бизда мигрантларнинг соғлиғи ҳақида қайғурадиган бирорта кучли бирлашмалар йўқ ва бу ишга халқаро ташкилотлар ҳеч қачон пул ажратишмаган. Бу каби савиядаги конференцияда мигрантлар соғлиғи масаласининг кўтарилгани жуда муҳим. Ҳозирча ОИТВга чалинган мигрантларни даволашда энг катта тўсиқ Россиянинг депортация тўғрисидаги қонуний меъёри бўлиб қолмоқда. Мигрантларни қабул қилувчи асосий мамлакат саналган Россия мигрантларни даволаш учун бир тийин пул бермай, депортация тўғрисидаги меъёрни бекор қилса, аҳвол анчагина яхши томонга ўзгаради. Ана ўшанда мамлакатлар билан мигрантлар учун препаратларни етказиб бериш ёки антиретровирус терапияси алмашуви каналларини йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олса бўлади. Мен минтақанинг барча мамлакатлари вакиллари билан суҳбатлашдим, агар депортация тўғрисидаги меъёр бекор қилинса, СПИД-марказлар Россияга дори жўнатишга тайёр, - дейди Даниил Кашницкий.

Екатерина Иващенко

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский