Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ислом Каримов ҳайкалини Москвада ўрнатилиши бўйича референдум ўтказиш таклиф этилди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ислом Каримов ҳайкалини Москвада ўрнатилиши бўйича референдум ўтказиш таклиф этилди

Ferghana

Андрей Морев
Москвадаги Якиманка муниципал округининг депутатлари Россия пойтахти расмийларига мурожаат қилиб, Полянка ҳиёбонида Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ҳайкали ўрнатилиши бўйича ишларни тўхтатишни сўрадилар. Ушбу қарор депутатлар кенгашининг 8 ноябрь куни ўтган мажлисида қабул қилинди, дея “Фарғона” агентлигига маълум қилди Якиманка муниципал органи раҳбари Андерй Морев. Унга кўра, округ ушбу масала юзасидан маҳаллий аҳолининг фикрини билиш учун келгуси йилда референдум ўтказишга қарор қилди (айни пайтда юристлар уни ҳозир ташкил этиш мумкинлиги борасида маслаҳатлашмоқдалар).

Морев қайд этишича, мажлисда қатнашганлардан ҳеч ким ёдгорлик ҳайкалини ўрнатишни ёқлаб чиқмади, бироқ “ушбу масалага қизиқиш билдирган” аҳоли вакиллари бўлдилар. Бундан ташқари, йиғилишда ўзбек диаспорасининг қандайдир вакили сўзга чиқиб Каримовга ҳайкал ўрнатилиши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин, деб айтди ва қарор қабул қилинаётганда шуни эътиборга олишни сўради.

Олдиноқ Морев 1 ноябрь кун Facebook тармоғида Якиманка ва Замоскворечье аҳолиси “районимиз учун ҳеч қанақанги фойдали иш қилмаган жаноб Каримовга ҳайкал ўрнатилишига норози эканлигини билдирди. Агар Ўзбекистондан минглаб фуқароларининг 1990- ва 2000-чи йилларда Москвага келишини фойдали деб ҳисобланмаса”. Муниципал округ раҳбари шунингдек, Якиманка депутатлари кенгаши ҳайкал ўрнатилиш тўғрисидаги қарорни 2016 йил 7 ноябрда қабул қилинганини қайд этиб ўтди.

27 октябрда Москва мэри Сергей Собянин Каримовга ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги фармойишни имзолагани маълум бўлди. Ҳужжатга кўра, монумент Ўзбекистон элчихонаси яқинидаги ҳиёбонда 2019 йил 31 декабрга қадар ўрнатилиши керак. Лойиҳалаш, монументни тайёрлаш ва ўрнатиш бўйича барча ишлар ҳамда ҳудудни ободонлаштириш марҳум президентнинг беваси Татьяна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан асос солингган Каримов номидаги республика жамоатчилик фонди томонидан молиялаштирилади. Кейинчалик ҳайкалга қараш Москва Марказий округ префектурасига юклатилади. Шунингдек, Каримов ҳайкалини таниқли британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй (Paul Day) тайёрлаши ҳақида хабар берилганди.

Бир неча кун ўтиб Россия Либерал-демократик партияси аъзоси Георгий Городецкий Change.org сайтида ҳайкални ўрнатишга қарши петициясини жойлаштирди. Сиёсатчи унда Каримовни “ўртаосиё русофобияси, қонунсизлик ва ҳокимият узурпациясининг рамзи” деб билдирди. Ушбу материал ёзилаётган пайтда петицияни 6.6 минг киши имзолади. Ҳайкалнинг ўрнатилишига, шунингдек, Давлат думасининг собиқ депутати, мухолифатдаги сиёсатчи Дмитрий Гудков ҳам қарши чиқди. У Каримовни “осиёлик классик мустабид” ҳамда постсовет майдонидаги “энг жирканч диктаторларидан бири” деб атади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2017 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский