Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Афғонистонда заъфарон сотувидан келадиган даромадлар деярли 35 фоизга ўсди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Афғонистонда заъфарон сотувидан келадиган даромадлар деярли 35 фоизга ўсди

Фарғона

Афғонистон фермерларининг 2017 йилда заъфарондан олган даромадлари ўтган йилги 9 миллон АҚШ долларидан 12 миллион АҚШ долларигача ўсди. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири заъфарон бўйича бешинчи миллий анжуманда маълум қилди, дея хабар беради Afghanistan Times.


Заъфарон терими. Фото Gsaffron.Com

Вазирлик маълумотига кўра, ўтган йили афғон фермерлари 6.2 тоннадан зиёд заъфарон етиштирдилар. Дунёдаги энг қиммат зираворлардан бири саналган заъфароннинг бир килограмм нархи ташқи бозорларда 2000 АҚШ долларгача етиб боради. Вазир қайд этишича, заъфарон етиштириш наркотиклар ишлаб чиқаришга альтернатива бўлиши мумкин. Унга кўра, мамлакатда зираворларни етишириш учун 18 мингта ишчи ўрин яратилган.


Теримчилар. Фото Ilforchettiere.It

Вазирлик раҳбари Афғонистонга Эрондан сифати паст заъфарон келаётгани ва уни бошқа мамлакатларга сотилаётгани ҳақида шикоят қилди. Худди шу муаммодан Эрон ҳам ташвишга тушган. “Иран.Ру” хабар беришича, Эрон заъфарони бозорини ривожлантириш жамғармаси директорлар кенгашининг аъзоси Фарҳод Саҳархиз “афғон бизнесменлари айни пайтда эрон заъфаронини сотиб олиб, уни жаҳон бозорида афғон заъфарони деб сотишмоқда ва бу билан Эрондаги заъфарон ишлаб чиқириш соҳасига зарар етказишмоқда”, деб билдирди.

Унга кўра, заъфарон пиёзларининг улкан ҳажмда Афғонистонга қонуний ва ноқуний тарзда етказиб берилиши оқибатида қўшни мамлакат Эрон Ислом Республикасининг жиддий рақобатчисига айланди. Саҳархиз қайд этишича, заъфарон пиёзлари Эроннинг “генетик ресурси” бўлиб, унинг экспорти устидан алоҳида назорат ўрнатиш лозим. “Энди бўлса кеч, Афғонистон 2005-2013 йиллар оралиғида етарли миқдорда заъфарон пиёзларини ҳам қонуний, ҳам ноқонуний тарзда импорт қилиб олган”, - деди эронлик топ-менежер.


Заъфаронни қайта ишлаш. Фото Fresher.Ru

Сўнгги бир неча йил ичида афғон заъфарони дунёда энг яхши деб тан олинган, дея хабар беради “Афганистан.Ру”. 2016 йил июнида Қобул соҳани ривожлантириш бўйича беш йиллик режани тасдиқлади ҳамда Хитойга заъфарон етказиш бўйича шартномани имзолади. Айни пайтда ушбу зиравор Афғонистоннинг 34 та вилоятидан 30 тасида етиштирилмоқда. Мамлакат расмийлари заъфарон етиштириш аҳолининг қашшоқликдан қутилишига ёрдам бериши мумкин деб ҳисоблаб, фермерларга техника ва пул маблағлари билан ёрдам беришга тайёрликларини билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февралда Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишган эди. Лойиҳага кўра мамлакатнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Заъфарондан олинадиган доривор хомашё – қизил рангли гул устунчаси октябрь-ноябрь ойларида терилади ва заъфарон тайёрлаш пунктларига юборилади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм доривор ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади.

Заъфаронни зираворлар подшоҳи деб аташади, ундан пазандачилик ва тиббиётда фойдаланадилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2017 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский