Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ўзбек мутасаддиси дастидан бокс Олимпия дастурида чиқариб юборилиши мумкин — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ўзбек мутасаддиси дастидан бокс Олимпия дастурида чиқариб юборилиши мумкин

Фарғона

Ғофур Раҳимов. Caobzor.com сайти фотоси
Токиода 2020 йилда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада дастуридан боксни чиқариб юборишлари мумкин. Тахмин қилинаётган қарор Халқаро ҳаваскорлар бокси ассоциациясининг (AIBA) вақтинча раҳбари вазифасини бажарувчига нисбатан қўйилган молиявий саволлар боис қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) раҳбари Томас Бах қишки Олимпиада пойтахти – Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди, дея хабар беради “РИА Новости”. Олдинроқ AIBA раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб ўзбек бизнесмени Ғофур Раҳимов тайинланганди.

Токио Олимпиадасидан ташқари, боксни 2018 йилда Буэнос-Айресда ўтадиган ёшлар Олимпиадаси дастуридан ҳам чиқариб юборишлари мумкин.

Ўтган йилнинг декабрида ХОҚ Халқаро ҳаваскорлар бокси ассоциациясидаги аҳволдан, хусусан, молиявий фаолият, ҳакамлик ва допинга қарши тадбирлар ўтказиш жиҳатидан ташвиш изҳор этганди. Ўшанда Халқаро олимпия қўмитаси ассоциацияни молиялаштиришни,шу жумладан, “Олимпия бирдамлиги” томонидан тўғридан-тўғри тўловларни тўхтатиб қўйган эди.

Ўшанда AIBA Ҳалқаро олимпия қўмитасига баҳсли масалаларга бағишланган ҳисоботини юборди. Бироқ ХОҚ ҳужжатда тақдим этилган дастакларни ишончли эмас дея эътироф этиб, 30 апрелгача янги ҳисобот тақдим этилишини талаб қилди. Шу билан бирга, ХОҚ бокс ассоциацияси раҳбарияти муносабати билан хавотир изҳор этиб, AIBA тизимининг текширувини расман бошлаб юборди.

“Биз муаммоларни декабрдаёқ кўрдик, бироқ уларга изоҳ берилмади. Бу ички қарорларни қабул қилиш процедураларига оид, раҳбариятни тайинлаш, сайлаш билан боғлиқ муаммолар эсингизда бўлса керак. Шунингдек, федерациянинг янги вақтинча раҳбари билан боғлиқ, хусусан, молиявий масалаларга оид саволлар очиқ қолди”, - деди Томас Бах.

Ғофур Раҳимовнинг AIBA раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинлангани ҳақида 2018 йил январь охирида маълум бўлди. У ташкилотни 11 йил давомида бошқарган тайванлик Чинг-Куо-Ву ўрнига тайинланди. Чинг-Куо-Ву маблағларни талон-тарож қилишда ва спорт ташкилотини банкротликка олиб келишда айбланди. The Guardian версиясига кўра, гап Озарбайжоннинг “Benkons MMC” компаниясидан келиб тушган 10 млн доллар маблағи ҳақида кетмоқда.

Шу нашрнинг маълумотига кўра, Ғофур Раҳимов ўз мамлакатида криминал лидер ҳамда “героин савдоси билан шуғулланувчи нуфузли одам”сифатида АҚШ Адлия вазарлигининг “қора рўйхатига” киритилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский