Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ўзбекистон телевидениесида хавфсизлик хизмати билан боғлиқ кураторлик вазифаси йўқ қилинди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ўзбекистон телевидениесида хавфсизлик хизмати билан боғлиқ кураторлик вазифаси йўқ қилинди

Фарғона

Ўзбекистон МТРК биноси. Publika.uz сайти фотоси
Ўзбекистон телевидениесида махсус хизматлар кураторлиги лавозими тугатилди, шу боис Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг (МТРК) хавфсизлик масалалари бўйича раис ўринбосари Абдусалом Шодмонов ишдан бўшатилди, деб хабар беради “Озодлик” радиоси.

Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги ДХХ) “кўз ва қулоғи” бўлмиш 44 ёшли Шодмонов 6 апрель куни ишдан бўшатилган, деб маълум қилади МТРК каналлари бирининг бош муҳаррири. МТРК девонхонаси мазкур хабарни Шодмонов эгаллаб турган лавозим йўқ қилингани билан изоҳлади. 13 апрель куни у ҳақдаги маълумотлар МТРК сайтидан ҳам ўчирилди.

Абдусалом Шодмонов телекомпания журналистларини назорат қилувчи вакили бўлиб келган. МТРК раисининг ўринбосари “мухолифат¸ диндорлар ëки коррупцияда айбланган собиқ мулозимлар ҳақидаги” махсус дастурларни ишлаб чиқариш ва назорат қилиш, ходимларни ишга олиш ва ишдан бўшатиш, таътил берилишига қадар барча юмушлар билан шуғулланган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 21 йил ишлаган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича¸ “телерадиокомпания раисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Ўзбекистон МХХнинг (ҳозирда ДХХ) телекомпания журналистларини назорат қилувчи вакили бўлиб келган”. Унинг фикрича, бундан буён телевидение махсус хизматлар назоратидан эркин бўлади. «Энди журналистларни ишга қабул қилиш масалалари билан МТРКнинг кадрлар бўлими шуғулланади. Мухолифат вакиллари ҳақидаги кўрсатувлар учун муҳаррирларнинг ўзи жавобгар бўлади», – деб таъкидлайди журналист.

«Озодлик» манбаси Шодмоновнинг ишдан кетиш сабабини у йўл қўйган бир хатолик билан боғлайди. Жорий йилнинг 3 апрелида таниқли шоир Шавкат Раҳмон ижодига бағишланган кўрсатув МТРКнинг "Маданият ва маърифат" каналида эфирга узатилган. Кўрсатувда чет элда яшаëтган мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳ тасвири кўриниб қолгани, суҳбатдош таъкидича¸ Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчи Хайриддин Султоновнинг эътирозига сабаб бўлган. Мазкур “разборка” дан сўнг уч кун ўтиб Шодмонов ишдан бўшатилди, дейди МТРК журналисти.

МТРКнинг бошқа журналистлари ушбу воқеани телерадиокомпанияни махсус хизматлар назоратидан халос қилиш йўлида қўйилган қадам, деб баҳолайдилар. Зеро, февралда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг МХХдан тайинланган ўринбосари Айдарбек Тулепов ишдан олиниб, унинг лавозими тугатилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев энг қудратли саналган махсус хизматлар фаолиятини танқид қилганидан сўнг, МХХ раиси Рустам Иноятов ишдан бўшатилди, унинг биринчи ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломов бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилди, ташкилотнинг номи ўзгартирилди. Мамлакатда юз бераётган ислоҳотлар ва матбуотда ёритилаётган мавзулар салмоғи кенгайиб бораётганига қарамасдан, ОАВ ўзини керакли даражада эркин хис қилмаяпти. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматига матбуотни назоратдан холи этиш, ахборот узатишдаги чекловларни олиб ташлашни тавсия қилади.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский