Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Мирзиёев Фарғона вилоятини бошқа ўлкалардан ортда қалаётгани учун танқид қилди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Мирзиёев Фарғона вилоятини бошқа ўлкалардан ортда қалаётгани учун танқид қилди

Фарғона

Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ҳар бир оила - тадбиркор» дастури доирасида Фарғона вилоятига 100 миллион доллар кредит ажратилишига буйруқ берди. Президент мазкур вилоятга ташрифи чоғида мана шундай топшириқ берган.

Мирзиёев Фарғона вилояти саноат товарлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, хизмат кўрсатиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган товарлар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича республикадаги ўртача даражадан бир неча баробар орқада эканини танқид остига олди. Шунингдек, президент одамларни рози қилиш учун уларни иш билан таъминлаш, бунинг учун инвестициялар жалб этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди, вилоятда 101 мингта иш ўрни яратиш имконияти борлигини таъкидлади.

Вилоят раҳбарияти президентни инвестиция лойиҳалари билан таништирди, деб хабар беради ЎзА. Жумладан, вилоятда хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб қилишга қаратилган инвестициявий хаб ташкил этилмоқда. Хориждаги доимий офислар, биродарлашган шаҳарлар ва юртимиздаги чет эллик ишбилармонлар орқали бу хабга 161 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Ушбу маблағни янги корхоналар очиш ва мавжудларини модернизация қилишга йўналтириб, 2 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган. Мирзиёев мазкур системани мукаммаллаштириш ва бошқа вилоятларда ҳам тадбиқ қилишга кўрсатма берди.

Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” агрофирмаси анор боғларини ташкил этиш лойиҳасини тақдим этди. “Анор ҳар қандай камёб мева каби даромад манбаидир. Бугунги кунда мамлакатимизда анорчиликни биладиган мутахассис кам. Фарғона давлат университетида анорчиликни ривожлантириш кафедраси очиб, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш керак. Шунда бу соҳадан кўпроқ даромад олиб, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш мумкин”, - деди президент.

Президент Олтиариқ туманидаги “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалигида бўлиб, мазкур хўжалик мисолида Фарғона вилоятида пахта ва ғалладан олинадиган ҳосилни кўпайтириш ва такрорий экин экиш бўйича амалга ошириладиган ишлар билан танишди. Шунингдек, президент Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласида 210 бола тарбия олаётган «Smart kids» нодавлат мактабгача таълим муассасасини бориб кўрди. Шу ерда республика мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган Интеграциялашган мониторинг электрон тизими тақдимоти ўтказилди. Бу тизимда ҳар бир боланинг туғилишидан то вояга етгунга қадар бўлган ҳолати, соғлиги, улғайиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар жамланади. Шунингдек, унда тарбиячилар, боғчалар, уларга эҳтиёж тўғрисида ҳам барча ахборотлар бўлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, «Ҳар бир оила - тадбиркор» дастурининг ҳаётга тадбиғи Андижон вилоятидан бошланади. Дастурни амалга ошириш учун вилоятга $200 млн кредит ажратилган. Аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган мазкур дастур Ўзбекистондаги барча шаҳар ва туманлар, ҳаттоки олислардаги, иқлими оғир бўлган ҳудудларни ҳам қамраб олади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский