
Йўриқномага кўра, корхона раҳбари ҳар бир ходим ойлигидан 50 минг сўм ($6,5) электр энергияси, 30 минг сўм ($4) табиий газ ва 20 минг сўм ($2,5) ичимлик суви учун пул ушлаб қолиши керак. Бу ерда ходимнинг коммунал хизматлардан қарзи бор ёки йўқлиги, тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаётгани ҳеч қандай роль ўйнамайди.
«Мажбурий ижро бюросининг туман шаҳар бўлимларига ҳар ойнинг 10 числосига қадар (ҳар бир ҳодимнинг электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви бўйича ҳисоб рақами кўрсатилган ҳолда) маълумотлар беришингизни сўрайман», - дейилади вилоят Мажбурий ижро бюроси раҳбари ўринбосари З.Раҳимов имзолаган мактубда.
Бундан ташқари, МИБ корхонада ишлайдиган барча ходимлар ҳақида, жумладан яшаш жойини инобатга олган ҳолда, тўлиқ маълумотлар берилишини талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164 - моддасига биноан, ишчининг ёзма равишда розилиги ва суд қарори билангина унинг маошидан пул ушлаб қолиниши мумкин. Кодексда ходим розилигисиз унинг ойлигидан пул ушлаб қолишини мумкин бўлган ҳолатлар ҳам келтирилади. Масалан, ходим ишлаб турган корхона ёки компанияга моддий зарар келтирган бўлса. Лекин мазкур рўйхатга коммунал хизматлар учун пул ушлаб қолиниши киритилмаган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Тошкент вилояти МИБ қарорини кескин танқид остига олдилар. Кўпчилик мана шундай йўл билан давлат хизматчилари коммунал хизматлардан қарздор бўлган одамлардан пул ундиришни тижорат тузилмалари бўйнига юкламоқда, деган фикрда.
Ўзбекистонда одамлар ойлигидан коммунал хизматлар учун тўловларни ушлаб қолиш амалиёти ўн йиллардан бери қўлланилиб келинади. Бундай ҳолат доимий газ ва электр таъминотига эга бўлмаган ҳудудларда ҳам рўй бериши кузатилган. Бу борада батафсил маълумотларни “Фарғона”да чоп этилган “Ўзбекистон: Самарқанддаги бюджет ташкилотлари ходимларининг ойликлари тўлиқ пластик карточкаларга ўтказилди” ва “Ўзбекистонда газ ва электр таъминоти муттасил эмаслиги сабаб қийинчилик мавсуми бошланди” деб номланувчи мақолаларда ўқишингиз мумкин.