Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Мирзиёев раҳбарларнинг инвестиция ортидан хорижга қилган самарасиз ташрифларини танқид қилди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Мирзиёев раҳбарларнинг инвестиция ортидан хорижга қилган самарасиз ташрифларини танқид қилди

Фарғона

Шавкат Мирзиёев 14 август мажлисида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йили хориждан тўғридан-тўғри $5,8 млрд миқдорида инвестиция жалб этишни талаб қиларкан, бешта вилоят ҳокимлиги раҳбарларининг хорижга инвестиция борасида самарасиз ташрифлар уюштирганини танқид қилди. Мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш масалаларига бағишланган видеоселектор мажлиси 14 август куни бўлиб ўтди.

Ҳукумат, давлат органлари, вилоят ҳокимлиги вакиллари ва дипломатлар иштирокида ўтказилган мажлисда Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республика раҳбариятининг хориж сафарларида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, текстиль саноати ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳалар билангина чекланиб, фармацевтика, электроника, машинасозлик соҳаларида шартномалар тузмагани танқид қилинди.

Шунингдек, мажлисда кўпчилик делегация аъзоларининг мақсадли дастури бўлмагани, чет элликларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти бўйича аниқ маълумотлар бермагани, айрим келишувлар қоғозда қолиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Бельгияга сафар уюштирган Наманган вилояти делегацияси Норин туманида 200 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш бўйича 3 миллион долларлик лойиҳа келишувини имзолаган. Бироқ, орадан 5 ой вақт ўтганига қарамасдан уни амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошланмаган.

Қатор делегациялар хизмат сафари давомида шартномаларнинг қуруқ сони ортидан қуваётгани, оқибатда ушбу битимлар натижадор бўлмай, ўта мавҳум, маданий-гуманитар характерга эга бўлиб қолаётгани қайд этилди.

Шу боис Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига маҳаллий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари олдидан ташрифнинг мақсади, таклиф этилаётган лойиҳалар ва кутилаётган амалий натижалар бўйича тақдимот ўтказиши тартибини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Мажлисда инвестиция лойиҳаларини тақсимлаш масаласи кўрилди. Ушбу вазифаларни назорат қилишга нафақат Инвестиция бўйича давлат қўмитаси ва соҳавий идоралар, балки ҳукумат ва президент маслаҳатчилари ҳам масъул деб топилди. Масалан, Бош вазир инвестицияларни жалб қилиш бўйича 114 та лойиҳани, унинг биринчи ўринбосари 18 та лойиҳани назорат қилади.

Лойиҳаларни амалга оширишга масъул ҳар бир раҳбар шу бўйича жадвал тайёрлаб, ҳар ҳафта ҳудудга чиқиши, лойиҳа ташаббускорлари билан гаплашиб, муаммоси бўлса, зудлик билан ҳал этиши, лойиҳаларни доимий равишда мониторинг қилиб бориши зарурлиги таъкидланди. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда лойиҳалар мониторинги бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди. Жиззах вилоятида халқаро инвестиция форуми ва Товар ишлаб чиқарувчилар миллий кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Президент сайтида тўғридан-тўғри хориж инвестициялари иштирокида $64 млрд доллар қийматига эга 849 та лойиҳа рўйхати шакллантирилгани тўғрисида сўз юритилади. Июнь ойида ўтказилган мажлисда Мирзиёев $17 млрд миқдорга эга 182 та лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки битимлар тузилгани, лекин уларни амалга ошириш учун бизнес режалар тузилиши, техник ва иқтисодий ҳужжатлар тайёрлаш зарурлигини айтиб ўтганди. Лойиҳалар керакли ҳужжатлар билан асосланмагани ҳолатини президент илк бор танқид қилаётгани йўқ. У июль мажлисида “олдин маблағни оламиз, кейин нима бўлса бўлар” каби ёндашувларни кескин танқид қилганди.

2018 йилнинг биринчи кварталидаги асосий инвестор - АҚШ бўлди ва унинг Ўзбекистонга киритган сармояси умумий миқдорнинг 28 фоизини ташкил этди. Америкаликлар нефть, кимё, энергетика, фармацевтика, соғлиқни сақлаш тизими, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва фуқаролар авиацияси соҳаларини ривожлантиришга сармоя киритдилар. Сармоя киритиш бўйича иккичи ўринни Хитой ва Буюк Британия (10%), учинчи ўринни Британия Виргин ороллари (8%), тўртинчи ўринни – БАА ва Россия (6%), бешинчи ўринни Туркия (5%) эгаллаган. Жаҳон банки май ойида Ўзбекистонда энергияни тежаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва тезкор тиббий ёрдам хизмати соҳаларини ривожлантириш учун 940 млн доллар ажратди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский