Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Турк компанияси Сурхондарёда цемент заводини қуриб битирди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Турк компанияси Сурхондарёда цемент заводини қуриб битирди

Фарғона

Цемент заводининг очилиш маросими. «Халқ сўзи» фотоси
Сурхондарё вилоятида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бунёд этилган янги цемент заводи ишга туширилди. Заводни буюртмага асосан туркларнинг Dal Teknik Makina компанияси бунёд этди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“ газетаси хабар беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 212,8 миллион долларни ташкил этиб, корхонада йилига 1,5 миллон тонна сифатли портланд цемент ишлаб чиқарилади. Эндиликда 1200 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ойи мобайнида Ўзбекистонда 4,6 млн тонна портланд цементи ишлаб чиқарилган. Бу кўрсатгич 2017 йилга қараганда 7,6 фоиз кам миқдорни кўрсатади.

Аввали Сурхондарёда тожик инвесторлари ҳисобига цемент заводи қурилиши ҳақида хабар берилганди. Бўлажак корхона қуввати ва лойиҳа қиймати тўғрисида маълумотлар берилмаган.

Туркиянинг Dal Teknik Makina компанияси Ўзбекистонда цемент заводи қуриш тажрибасига эга. Мазкур компания 2014 йили Жиззахда йилига 1 млн тонна портланд цементи ва 350 минг тонна экспортга мўлжалланган оқ цемент ишлаб чиқарувчи заводни қуриб битказган. Лойиҳа қиймати $114,2 млн ташкил этган. Ўшанда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ва “Ўзсаноатқурилиш” акциадорлик жамияти лойиҳа ташаббускорлари бўлганди.

Олмалиқ комбинати ҳар йили 31 млн кубометр тоғ уюмини қазиб чиқаради ва ундан 15 хил кимёвий элементларни ажратиб олади. Мис (катодлар), мис трубалари, ўтказгичлар, цинк, металли кадмий, куйдирилган молибден саноат маҳсулоти, перранат аммония, техникавий селен ва теллур, портланд цементи - шулар жумласидандир. Молия вазирлиги маълумотига кўра, комбинат Ўзбекистонда энг катта солиқ тўлайдиган учта корхонадан биридир.

Август ўртасида FI Management Group хориж компанияси Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг давлат ҳиссасидаги ишончли бошқарувчиси (97,53% акция билан) мақомига эга бўлди. 20 август куни «Тошкент» республика фонд биржаси сайтида SFI Management Group “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамияти (74,79 фоиз акция билан) ва “Ўртачирчиқпарранда” корхонасининг (84,69 фоиз акцияси билан) давлат ҳиссасидаги ишончли бошқарувчиси бўлгани ёзилган.

SFI Management Group компанияси 2017 йили ташкил этилган. Компания сайтида унинг хориж ташкилоти экани ёзилган, лекин унинг расмий рўйхатдан ўтган жойи кўрсатилмаган. Россия ОАВ маълумотларига кўра, компания ўзбекистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга тегишлидир.

Ҳозирда SFI Management Groupнинг лойиҳалар тўпламига - «Пахтакор» футбол клуби, «Ўзметкомбинат», Тошкент металлургия комбинати, «Ўзкимёфарм», «Ўртачирчиқпарранда», Euroasia Insurance ва Inter Capital киради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский