Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашишда ҳуқуқ посбонлари билан ҳамкорлик қилмоқда — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашишда ҳуқуқ посбонлари билан ҳамкорлик қилмоқда

Фарғона

Ҳуқуқ посбонлари Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидаги учрашувда. Mehnat.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари ҳамда ҳуқуқ посбонлари ўртасида қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Сентябрь сўнггида ўтказилган охирги учрашувда томонлар пахта далаларида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича мониторинг натижалари ҳақида ўзаро маълумот алмашишга келишиб олган эди. Ҳамкорликнинг бундай шакли илк бор жорий этилмоқда, деб хабар берилади вазирлик сайтида.

Сайт бу каби ўзаро ҳамкорликка доир маълумотларни келтиради. 29 сентябрь куни ҳуқуқ посбони Арисланбай Отепов Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани марказий поликлиникасининг ҳамширалари дам олиш кунлари мажбурий пахта теримига чиқарилгани ҳақида маълумот беради. Ҳолатни текшириш учун 30 сентябрь Давлат меҳнат шароитларини экспертиза ва муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи К.Одинаев хабар берилган жойга етиб боради. Текширув натижаларига кўра, тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб қилиш олди олинган, мансабдор шахсларга нисбатан буйруқ чиқарилган.

30 сентябрь ҳуқуқ посбони Елена Урлаева мониторинг жараёнида Тошкент вилояти Оққўрғон тумани далаларидаги пахта теримида Тошкент электр тармоғининг 70 нафар ходими, 9 ва 14 ёшли икки нафар вояга етмаганлар, етти ойлик ҳомиладор ёш аёл ва қатор тиббиёт ходимлари аниқланганлигини маълум қилган. Мазкур ҳолатни текшириш учун маълум қилинган жойга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов ҳамда Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари С.Сулаймонов жўнаб кетди. Текширув натижалари бўйича туман электр тармоғи бошлиғи Мухамедов Эркин Жаҳонгирович пахта теримига ташкилот ходимларини мажбурий жалб қилишга йўл қўйгани учун МЖ Кодексининг 51-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима солинди. “Саидаброр Султонсаид” фермер хўжалиги раҳбари Хасанов Саидаброр Саидбурхонович вояга етмаган болаларнинг пахта теримида қатнашишига йўл қўйгани учун МЖ кодексининг 49-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликка тортилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинди. Тиббиёт ходимларини пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади. Суҳбат давомида Дилором Холбоева Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлагани, бироқ айни пайтда ҳомиладорлик отпускасида эканлигини айтиб берган. Пахта теримига уни ҳеч ким мажбурламаган, қайнонасига ёрдамлашиш учун ўз ихтиёри билан пахта теримига чиққан. Фуқаро Д.Холбоева, шунингдек, қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларга меҳнат қонунчилиги, хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тушунтирилди.

1 октябрь ҳуқуқ посбони Ўктам Пардаев ҳарбий хизматга чақирув ёшида бўлган шахсларнинг пахта теримига мажбуран сафарбар қилинганлиги ҳолати ҳақида Жиззахдан хабар берди. Жиззах вилояти бўйича хизмат сафарида бўлган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ посбони билан учрашди. Текширув натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик чора-тадбирлари тушунтирилган хат юборилди. Ҳуқуқ посбони Ў.Пардаев ва Жиззах вилояти бўйича Бандлик бош бошқармаси ходимларидан жойларда тушунтириш ишларини олиб борадиган ва пахта теримига мажбурий жалб қилишга йўл қўйилмаслигини кузатадиган ташаббускор гуруҳ тузилди.

10 сентябрдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича аҳолидан 819 та мурожаатни қабул қилган. Улардан 77 таси бўйича мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган.

Аввали фуқаролардан пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати бўйича +99871 200-06-01 рақами орқали ишонч тармоғига мурожаат қилиш ёки @mehnathuquqbot Телеграм ботида хабар қолдириш сўралган. Мазкур ҳолатни текшириш учун республика бўйлаб Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг 200 дан ортиқ ходимлари иш юритмоқдалар. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) экспертлари илк бор мажбурий меҳнат бўйича тушган аризалар билан танишишга жалб этилди.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бу борада тартибни бузган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини вада қилган. Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бошланган ушбу кураш ўзининг дастлабки натижаларини берди: АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати эвазига етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқариб юборди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский