Warning: Smarty error: unable to read resource: "ferghana_uz.conf" in /usr/local/lib/php/Smarty/Smarty.class.php on line 1094
Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассосциацияси президенти сифатида Тошкентга келди — ИА «Фергана» — мобильная версия

Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассосциацияси президенти сифатида Тошкентга келди

Фарғона

Ғофур Раҳимов. Gazeta.uz сайти фотоси
Жорий йилнинг ноябрь бошида Халқаро ҳаваскорлар бокси ассоциацияси (AIBA) президенти этиб сайланган ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов Тошкентга келди, дея хабар беради Ўзбекистон Олимпия қўмитаси.

Раҳимовни Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов хамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевлар кутиб олишди.

Ғофур Раҳимов Халқаро ҳаваскор бокс федерациясининг 4 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган Конгрессида AIBA президенти этиб сайланди. Сайловда қатнашган 134 мамлакат вакилларидан 86 нафари Ғофур Раҳимовга ўз овозини берди. Энди Раҳимов 2022 йилгача AIBA президенти сифатида фаолият олиб боради. Президентлик лавозимига шунингдек, Осиё бокс Конфедерацияси раҳбари, қозоғистонлик Серик Конакбаев ҳам даъвогарлик қилганди, бироқ Ассоциациянинг сайлов комиссияси уни сайловга қўймасликка ҳаракат қилди. Конакбаев Спорт арбитраж суди (CAS) ёрдамида ўз номзодини қўйишга муваффақ бўлди.

Олдинроқ Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг қора рўйхатига тушиб қолгани боис унинг номзодига қарши чиққанди. Айни пайтда ХОҚ AIBA фаолияти устидан текширув ўтказмоқда. Қўмитадагилар агар Раҳимов расман лавозимни эгалласа, бокс Олимпия дастуридан чиқариб ташланиши мумкин, дея огоҳлантирди.

Раҳимовнинг ўзи ХОҚ билан муносабатларни йўлга қўймоқчи эканлигини билдирди. “Мен ҳали улар билан алоқа ўрнатганим йўқ, бироқ ҳозир тўрт йилга сайландим ва улар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қиламан, лекин бу жараён қанақа кечишини ҳозирча билмайман. ХОҚ билан бирга ишлашни давом эттирамиз. Бизнинг ижрочи директоримиз улар билан алоқада. Ўйлашимча, биз келишиб оламиз. Агар келиша олмасак, унда боксга қандай қилиб зарар етказмаслик ҳақида ўйлаб кўрамиз”, - дейди Раҳимов “Спорт-Экспресс” келтирган иқтибосда. У, шунингдек, агар Олимпиадада чиндан ҳам бокснинг мақомига зарар етадиган бўлса, унда лавозимдан воз кечишга тайёрлигини билдирди.

Inside the games портали хабар беришича, ХОҚ бир ой давомида Раҳимовнинг сайланишини муҳокама қилиб олади. Қўмита вакили Марк Адамс қайд этишича, ассоциация фаолиятининг бошқа, шу жумладан ҳакамлик, молиялаштириш ва допингга қарши кураш масалалари жиддий ташвиш уйғотмоқда. Қўмита боксни 2020 йил Токио Олимпиадаси ўйинлари дастуридан чиқариб, AIBA билан алоқаларни узиш ҳуқуқини ўзида қолдирмоқда.

Раҳимов 1990-чи йиллар охиридан бери AIBA ижроя қўмитаси таркибига кирган. 2018 йил бошида уюшманинг олдинги президенти камомадда айблов билан лавозимини тарк этганидан кейин вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб сайланган. Раҳимовнинг ўзи таъкидлашича, унинг аралашуви боис ташкилот банкротликдан қутилиб қолган.

Раҳимов 2012 йилдан бери АҚШнинг собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидан чиққан криминал тўдабошиларининг “Биродарлик доираси” (“Братский круг”) гуруҳига оид санкциявий рўйхатига киритилган. Унинг ўзи таъкидлашича, унга қўйилган даъволар сохта айбловларга асосланган бўлиб, бу ишларнинг бари Ўзбекистоннинг собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова уюштирган фитнанинг маҳсулидир.

Шунингдек, тадбиркор ва унинг хотини Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қидирувга берилган. Раҳимовни товламачиликда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишда ва пул ювишда айблашган. Кейинроқ Раҳимов ва унинг хотини қидирувдагилар рўйхатидан ўчирилган ва Ўзбекистон ҳукумати AIBAга мактуб йўллаб, тадбиркорга қўйилган айбловлар асоссиз эканлигини билдирган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

© 1998—2018 ИА «Фергана»

Письмо в редакцию

Полная версия

Создание © 2012 Алекс Шатловский